Туркманистон ва Ўзбекистон консерваториялари ўртасида янги ҳамкорлик
Юртимиз олий таълим даргоҳлари хорижий давлатларнинг ўз йўналишидаги олий таълим масканлари билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон давлат консерваториясига Мая Кулиева номидаги Туркман миллий консерваторияси ректори Расул Амангелдиев ташриф буюрди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда икки олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорлик ва унинг истиқболлари, мусиқа таълими ҳамда илмий-тадқиқот фаолияти соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинув дастурлари, қўшма илмий-амалий конференциялар, маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар ҳамда концерт дастурларини ташкил этиш бўйича келишувлар кўриб чиқилди.
Расул Амангелдиев икки қардош халқ ўртасидаги тарихий дўстлик ва маданий алоқалар мустаҳкам пойдеворга эга эканини таъкидлаб, Туркман миллий консерваториясида фаолият олиб бораётган бир қатор профессорлар Ўзбекистон давлат консерваторияси битирувчилари эканини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, икки олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳар икки томон учун муҳим аҳамият касб этади.

Учрашув якунида томонлар таълим, илм-фан ва ижодий фаолият йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда маданий алоқаларни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашди.
Н.Усмонова,
ЎзА