Туркманистон ва ЕИ энергетика соҳасида ҳамкорлик қилади
Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов Халқаро шериклик масаласи бўйича еврокомиссар Ютта Урпилайнен билан энергетика соҳасида ҳомкорлик қилиш масаласини муҳокама қилди. Қардош мамлакат ташқи сиёсат идорасидан маълум қилинишича, музокара Люксембургда бўлиб ўтган ЕИ ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари учрашуви доирасида кечган.
– Учрашувда асосий мавзу энергетика соҳасига, хусусан водород энергетикаси, метан гази ҳавога тарқалишини камайтириш ҳамда табиий газни қайта ишлаш масалаларига бағишланди, – дейилади Туркманистон ТИВ тарқатган хабарда. – Томонлар энергетика лойиҳаларига тизимли ёндашув зарурлигини таъкидлаб, айни йўналишда шериклик режасини бирга ишлаб чиқишга келишиб олди.
Мередов комиссарга 2023-2024 йилларда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган йўл харитаси тайёрланаётгани, Туркманистоннинг Глобал метан мажбуриятига қўшилиш масаласи ўрганиб чиқилаётгани ҳақида ахборот берган. Шунингдек у мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши жараёнида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот бериб, бу йўлда Европа Иттифоқи ёрдами юқори баҳоланишини таъкидлаган. Айни пайт ушбу масалани ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси фаолият юритмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида мазкур давлат ЖСТда 2020 йил кузатувчи мақомига эга бўлди, 2022 йил эса қўшилаётган мамлакат (фаол кузатувчи) мақомини олди.