Туркиялик жарроҳлар билан ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида мазкур йўналишда энг илғор инновацион технологиялар, ташхислаш ва муолажа усулларини жорий этишга катта эътибор қаратиляпти.
Филиалда бир кун давомида кардиохирургик операциялар ўтказилди.
Операциялар Тошкент шаҳридаги 16-шифохонанинг етакчи кардиохирурги Обейд Мустафа ибн Абдулраҳмон ва Туркиянинг “ISTANBUL SAĞLIK BİLİMLERİ ÜNİVERSİTESİ” кардиожарроҳлари профессор Мете Гўрсой ва Доктор Taнил томонидан амалга оширилди. Маҳаллий мутахассис кардиожарроҳлар эса уларга яқиндан ёрдам берди.


Бир кун давомида иккита беморда аорта-коронар шунтлаш операциялари муваффақиятли амалга оширилди. Албатта бу амалиётни бажариш жарроҳлардан катта маҳорат талаб қилади. Афзаллиги беморнинг ҳаёт сифати ва узоқ умр кўриш даражасини сезиларли даражада оширади. Ҳозир беморларнинг аҳволи ижобий томонга яхшиланган бўлиб, кейинги муолажалар давом эттирилмоқда.


Марказда яратилган шароитлар ва имкониятлар чет эллик мутахассисларга жуда маъқул бўлди. Кейинги ташрифлар давомида туркиялик мутахассислар марказда бошқа турдаги кардиожарроҳлик операцияларни бухоролик мутахассислар билан биргаликда бажаришга келишиб олди.
Бундан ташкари, туркиялик профессор Мете Гўрсой марказнинг кардиореанимация бўлимида даволанаётган беморларни кўрикдан ўтказди. Ўз таклиф ва мулоҳазаларини маҳаллий шифокорлар билан ўртоқлашди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири