Туркиялик мутахассислар Наманганда бепул тиббий кўрик ўтказди
Эътироф этиш даркор, Янги Ўзбекистондаги ҳар бир бола – давлат раҳбариятининг доимий ғамхўрлиги ва ижтимоий ҳимоясида. Айниқса, эҳтиёжманд, кам таъминланган оила фарзандларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини тиклаш, назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг "Соғлом келажак" акцияси доирасида Туркиянинг малакали пластик хирург ва умумий хирург мутахассислари иштирокида 18 ёшгача бўлган болалар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди.
Мазкур хайрли кўрик кечиктириб бўлмайдиган оғир турдаги касалликларни юртимиз ва хориж клиникаларида ўз вақтида даволаш, малакали тиббий-кўрикларни ташкил этиш, бемор болажонларга ёрдам беришга қаратилди.

Эътиборлиси шундаки, ушбу эзгу акция фонд томонидан тўлиқ молиялаштирилиб, аҳоли учун бепул тарзда амалга оширилмоқда. Эндиликда бемор болажонларни хорижга чиқиб, даволанишларига эҳтиёж қолмаяпти.
Наманганда ташкилланган кўрикда диагностика текширувлари натижасида дастлабки куни 203 нафар, шундан 105 та умумий хирургия ва 98 та мураккаб пластик хирургия йўналишида болалар тиббий-кўрикдан ўтказилиб, уларни реабилитация қилиш ва кейинги босқичда операцияга тайёрлаш учун саралаб олинди. Эндиликда турли даражадаги мураккаб амалиётлар октябрь ойи охирида турк ва маҳаллий шифокорлар иштирокида ўтказилади. Бу эса ўз навбатида маҳаллий шифокорларнинг малакасини оширишга ҳам хизмат қилади.

“Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун!” тамойилининг амалдаги ифодаси бўлган, хорижий шифокорлар қатнашган тиббий акция юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан чет эмаслиги, айниқса, оғир ва дардманд оила фарзандларига берилаётган ижтимоий ёрдамдан ёрқин далолат беради.
Қолаверса, чет эллик мутахассисларни кўпроқ юртимизга таклиф қилиш, нафақат тажриба алмашиш, балки мураккаб амалиётларни бамаслаҳат, маҳорат дарси сифатида ўтказилиши ўзаро фикр алмашиш майдонини ҳам юзага келтиради.
Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди матбуот хизматининг маълум қилишича, ўн тўртинчи бор уюштирилган тиббий кўрик бундан аввал Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Хоразм ва Андижон вилоятлари ҳамда пойтахтимизда ташкил этилиб, унда бемор болажонларни чуқурлаштирилган тиббий-кўрикдан ўтказилган. Ўтган давр мобайнида улар томонидан қарийб 800 дан ортиқ мураккаб амалиётлар бажарилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири