Туркиялик мутахассис Термизда семинар ўтказди
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг туркиялик маслаҳатчиси Содиқ Бадак пандемиядан кейинги даврда хавфсиз туризмни таъминлаш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ташкил этди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармасида бўлиб ўтган тадбирда соҳага алоқадор давлат ва жамоат ташкилотлари, меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ва туристик фирмалар, сайёҳларга бошқа хизматлар кўрсатиш шохобчалари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи З.Намозов мамлакатимизда туризмни қўллаб-қувватлаб, миллий иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларидан бирига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таькидлади. Шунга мувофиқ қадимий ҳудудда зиёрат туризми билан бирга эко, этно, тиббиёт, агро ва бошқа сайёҳлик салоҳияти ривожланиб бораётгани, олис ўтмишдан сақланиб қолган ноёб ёдгорликлар ва археологик топилмаларга дунё аҳли катта қизиқиш билдираётганини қайд этди.

Бироқ, ўтган йили сайёрамизга чанг солган коронавирус инфекцияси Жаҳон туризм бозорини инқироз ёқасига олиб келди. Бу жараён мамлакатимиз, жумладан, Сурхон воҳасининг сайёҳлик йўналишида сезиларли йўқотишларга сабаб бўлди. Ўтган йили воҳага 6 минг 700 дан ортиқ хорижлик сайёҳ келгани ҳам бунга яққол далилдир.
Айни пайтда мамлакатимизда пандемиядан сўнг сайёҳликни замонавий шароитларга жавоб берадиган янги босқичда юксалтириш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси соҳадаги кучли ва заиф томонлар, имкониятлар ва таҳдидлар таҳлилини ўтказиб, “Ўзбекистон Туризми (2035) Стратегияси” ни ишлаб чиқмоқда.
Семинарда хорижлик мутахассис ўтган йили дунёда туризм ва саёҳат индустрияси дуч келган муаммолар, пандемиядан кейинги даврдаги туризм сиёсати ва ислоҳотлар, соҳадаги илғор мамлакатларнинг жорий ва келгуси йилларда асосий муаммоларини ҳал этиш борасидаги ҳаракатлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Юртимизда соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор хусусида фикр алмашди. Иштирокчилар пандемиядан кейинги даврда туризм сиёсати ва ислоҳотлари мавзуига бағишланган тақдимот билан танишди. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА