Жорий йилнинг 2-10 ноябрь кунлари Истанбул шаҳридаги "TUYAP" кўргазма ва конгресс марказида 41-халқаро китоб кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Китоб кўргазмасида 1000га яқин нашриёт, китоб-савдо ташкилотлари иштирок этмоқда. Қарийб 10 кун давом этадиган кўргазма доирасида 400 га яқин маданий тадбирлар ташкил этилади.
Шунингдек, китобхонлар иштирокчи давлатлардан 3000дан зиёд муаллиф билан бевосита мулоқот қилиш имконига эга бўлади.
Халқаро китоб кўргазмасида Руминия, Эрон, Хорватия, Хитой, Англия ва Россия давлатлари нашриётлари ўртасида муаллифлик ҳуқуқи бўйича муҳим шартномалар имзоланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон, Германия, Греция, Шри-Ланка, Албания ва Нигерия давлатлари нашриётлари учун ташкил этилган махсус дизайн зоналарида учрашувлар ўтказиш, мулоқот қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш шароитлари яратилган.
АОКА ахборот хизматига кўра, "Болалик – бу байрам" (“Çocukluk Şenliktir!”) халқаро китоб кўргазмаси Туркиядаги энг нуфузли адабиёт кўргазмаси бўлиб, "TUYAP Fair Group" компанияси томонидан 1982 йилдан буён ўтказиб келинади.
Н.Усмонова,
ЎзА