
Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбул ҳокими Акром Имомўғли ҳибсга олинишига илк бор изоҳ бериб, мухолифатни полиция ва адолатга сиёсий босим ўтказишга уринишда айблади.
– Туркия ҳар тонг янги кун тартиби билан уйғонадиган дунёдаги энг жадал давлат, – деди етакчи парламент аъзолари билан бирга ифторлик оқшомида йиғилганда. – Бу дастурларнинг баъзилари мамлакат учун зарур масалаларни қамраб олган, айримлари эса сунъий равишда кўтарилган муаммолардан иборат. «Хатони хато билан тузатиб бўлмайди», деган инкор этиб бўлмас гап бор. Мамлакатимиздаги мухолифат ҳаммани кўр деб ҳисоблагани учун ўз хатосини хато билан ҳимоя қилмоқчи. Улар шу даражада мувозанатни йўқотди-ки, полицияга ҳужум қилмоқда, судья, прокурорларга таҳдид қилмоқда. Мухолиф партия ўз матбуоти ва бошқа тузилмалари билан суд ҳокимиятининг коррупция ва ўғирлик масалалари бўйича қўйган айбловларига ҳеч қачон жавоб қайтармайди.
Унинг таъкидлашича, ҳукумат мухолифат билан жанжаллашишга вақт тополмайди, чунки давлат масалаларини ҳал қилиш билан банд. Шаҳар мери Туркия давлати томонидан террористик ташкилот сифатида тан олинган Курдистон ишчи партиясини қўллашда ва коррупцияда айбланмоқда.
Истанбул ҳокими ҳибсга олиниши билан боғлиқ воқеалар Америка, Европа Иттифоқи, Европа кенгаши эътиборини ҳам тортди. Улар вазиятдан хавотир билдириб, демократик қадриятларни бузмасликка чақирган.
Имомўғли ҳибсга олиниши сабабли мамлакатнинг Истанбул, Анқара, Газиантеп ва бошқа шаҳарларида норозилик акциялари бўлиб ўтмоқда. Одамлар амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ва унинг партиясига қарши норозилик билдирмоқда.
Мухолифатдаги Жумҳурият Халқ Партияси аъзоси ҳисобланувчи Имамўғлу 2027 йилда бўлиши кутилаётган президентлик сайловида Эрдўғаннинг асосий рақиби ҳисобланади.
Имомўғли тарафдорларини қаршилик кўрсатишга чақирди. «Одамларнинг иродасини қўрқитиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан бостириш мумкин эмас», — деган сиёсатчи.
Республика халқ партияси раҳбари Ўзғур Ўзел Имомўғли ҳибсга олинганига қарамай президентликка номзод бўлишини эълон қилди. Сиёсатчининг ўзи ҳуқуқ ва эркинлик учун курашни давом эттиришини айтган. Бир неча кун олдин Истанбул университети сиёсатчининг дипломини бекор қилган эди. Бу унинг сайловларда иштирок этишини чеклайди.
Шунингдек, Ўзғур Ўзел ифторликдан кейин одамларни норозилик акцияларида қатнашишга чақирди.
Истанбулнинг марказий кўчалари, хусусан полиция қароргоҳи олдида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Ижтимоий тармоқ фаолиятида узилиш кузатилмоқда. Турк лираси долларга нисбатан 10 фоиздан кўпроқ арзонлашиб кетди.
Украина масаласи
Трамп ҳафта охирида Украинадаги оташкесим ҳақида баёнот берди. «Мен Зеленский ва Путин билан гаплашдим. Бизда тинчликка эришиш имкони мавжуд. Путин билан ўт очишни тўхтатишнинг аниқ муддатини муҳокама қилмадим, лекин томонлар тез орада келишувга эришади. Кейин ҳудудий масалаларга навбат», — деган Трамп.
Зеленский эса Украина делегацияси душанба куни АҚШ расмийлари билан Саудия Арабистонида учрашишини маълум қилди. Киев томонига мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилик қилади. Учрашувда Украина томони Қўшма Штатларга ҳужумлардан ҳимояланиш учун инфратузилма объектлар рўйхатини тақдим этади.
18 март куни, АҚШ ва Россия президентлари 2 соатдан кўпроқ вақт давомида телефон орқали мулоқот қилди.
Путин Трампнинг 30 кун муддатга энергетика соҳаларига зарба беришни тўхтатиш таклифини қўллаб-қувватлаган ҳамда дарҳол рус ҳарбийларига тегишли буйруқни берган эди. Маълумотларга кўра, 21 мартга ўтар кечаси Курск вилоятидаги «Суджа» газ ўлчаш станциясига Россиянинг ўзи зарба берган. Аввалроқ бу айбловлар Украинага ётқизилган эди.
19 март куни эса Трамп Украина лидери билан 1 соатдан ортиқ вақт мобайнида телефон орқали гаплашган. Суҳбат асосан Запороже АЭС ҳақида бўлган. «АЭС умуман ишламаяпти, чунки Россия мутлақо ноқонуний ушлаб турибди», — деган Зеленский. Агар Вашингтон уни модернизация қилишни хоҳласа, бирга ишлаш учун тайёрлигини билдирган.
Бир неча ҳафта олдин АҚШ Украинадаги фойдали қазилмалар бўйича шартномани бекор қилган эди. Financial Times`нинг ёзишича, Вашингтон битимни қайта кўриб чиқмоқчи. Яъни қимматли минераллар қаторига атом электр станцияларини ҳам қўшмоқчи. Украина битимни босқичма-босқич муҳокама қилишга интилиб, минераллар ва атом электр станциялари масалаларини аралаштирмасликка ҳаракат қилмоқда.
27 март куни Парижда «Украинага ёрдам беришни хоҳловчилар коалицияси» саммити бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бу ҳақда Франция етакчиси Макрон Брюсселдаги саммитда айтган.
Bloombergʼнинг хабарига кўра, Европа Иттифоқининг етакчи давлатлари, жумладан Франция Германия ва Полша, шунингдек, ЕИга аъзо бўлмаган Канада ва Буюк Британия келаси ҳафта Парижда Украинадаги вазиятни муҳокама қилиш учун янги йиғилиш ўтказади.
Йиғилишдан мақсад Россия ва АҚШ ўртасидаги музокараларга таъсир ўтказиш, унда иштирок этиш муҳокама қилиниши мумкин.
Агентлик маълумотларига кўра, Европа ҳарбий имкониятларини ошираётган бир пайтда минтақада портловчи ва ёнувчи моддалар захираси тугаб бормоқда.
Исроил Ғазога яна кучли зарбалар бера бошлади
Ушбу ҳафта бошидан буён Ғазо сектори янгидан кескин зарбалар остида қолди. Ҳужумлар оқибатида 500 нафарга яқин фаластинлик ҳалок бўлган.
Исроил армияси ички кўчманчилар қўналғаси, оддий аҳоли бошпана топган мактаблар, шунингдек турар-жой биноларини фаол ўққа тутмоқда.
Ғазо Фуқаро мудофааси бошқармаси қутқарув хизмати ҳужум остидаги ҳудудларга етиб бора олмаётганини қайд этган.
Исроил армияси аввалроқ мамлакат сиёсий раҳбарияти буйруғи билан кенг кўламли ҳужум қайта тикланганини билдирди. Бош вазир Биньямин Нетаньяҳу идораси аниқлик киритишича, амалиёт ҳукумат раҳбарининг буйруғи, мудофаа вазири Исраэль Кацнинг кўрсатмаси билан бошланган.
Шунингдек, ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёт «орттирилган куч билан» давом этиши таъкидланган.
Агар Исроил армиясининг матбуот хизматига ишонилса, Исроил кучлари Ғазо сектори жанубида ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий разведка бошлиғи Усама Табашни ўлдирган. Табашнинг йўқ қилиниши гуруҳнинг разведка маълумотларни йиғишда заиф қилиб қўяди.
Жанг жонланиши ҲАМАСнинг урушни тўхтатиш бўйича музокара бошланишидан олдин қўшимча гаровга олинганларни озод қилишдан бош тортгани билан изоҳланяпти. Исроил далил келтирмасдан ҳаракатни янги ҳужумлар уюштиришда айблади. Гуруҳ айбловни рад этди.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/cX-GFuxzWT4" title="Turkiyada namoyishlar, Ukraina AESini ko`zlayotgan Tramp, G`azodagi xunrezlik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Доимий ўт очишни тўхтатишга рози бўлиб, Нетаньяҳу сиёсий инқирозга учраши, деярли 15 йиллик узлуксиз бошқарув ваколатини бой бериши мумкин.
Ўта ўнг позициячи молия вазири Бецалель Смотрич «Агар Нетаньяҳу ҳужумни давом эттириш ўрнига, 2-босқичга ўтса, коалицияни тарк этаман, дея таҳдид қилди. Мухолиф партиялар гаровга олинганларни қайтариш бўйича ҳар қандай келишувда Бош вазирни қўллаб-қувватлашга ваъда беришди, аммо барибир коалиция жиддий заифлашади. Бу эса барвақт сайлов ўтказилиши эҳтимолини оширади.
Ҳарбий ҳаракатни тиклаш орқали Нетаньяҳу Смотричнинг қўллаб-қувватловига эришди. Зарбалардан сўнг у яна бир ўта ўнг қанот шериги Итамар Бен-Гвирни ҳам ўзига оғдирди. Бу гуруҳ январда сулҳдан қочган, лекин сешанба куни коалицияга қайтди.
Сардорбек Поёнов, Ёқуб Мелибоев, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА