Туркия ва Исроил ўртасидаги муносабат тикланмоқда
Бош вазир Яир Лапид ва Президент Режеп Таййип Эрдоған ўртасидаги мулоқотдан сўнг Исроил ва Туркия дипломатик муносабатни тўлиқ тикламоқда. Бу ҳақда Исроил Бош вазири идораси маълумот тарқатди.
Ташқи ишлар вазирликлари вакиллари кўришуви чоғида “икки давлат ўртасидаги алоқани тўлиқ дипломатик муносабат даражасига кўтариш ҳамда икки мамлакат элчилари ва бош консулларини пойтахтларга қайтаришга қарор қилинди”, дейилади хабарда.
Матбуот баёнотида, шунингдек, Туркия билан муносабат қайта тикланиши ҳақида Лапид шундай деди: Бу минтақавий барқарорликнинг муҳим омили ва Исроил фуқаролари учун жуда муҳим иқтисодий янгилик. Биз Исроилнинг дунёдаги мавқеини мустаҳкамлашда давом этамиз. Дипломатик муносабат тикланиши Исроил Президенти Ицхак Герцогнинг 2022 йил март ойида Анқарага ташрифи ва Ташқи ишлар вазирларининг ўзаро ташрифидан бошлаб ривожланиш йўлига тушган эди.
Ушбу икки давлат ўртасидаги муносабатга 2010 йил Исроил махсус кучлари Туркиянинг “Мовий мармара” юк кемасини қўлга киритгандан кейин дарз кетган эди.