Туркия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи махсус сонда
Етакчи турк нашрларидан бири- «Business Turk» журнали Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунлари ҳамда икки давлат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб махсус сон чиқарди.
«Мустақиллик монументининг илк меҳмони», «Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи саммити», «10 та янги шартнома», «Ривожланиб бораётган иқтисодий алоқалар», «Ғаройиб Хива шаҳри», «Дипломатик муносабатнинг 30 йиллиги» сарлавҳали мақолалар босилган нашрда Ўзбекистон - Туркия муносабатининг тарихи, сўнгги 5 йилдаги ривожи, хусусан, ушбу мамлакат Президентининг юртимизга март ойидаги ташрифи натижалари батафсил таҳлил қилинган.
«Мустақиллик монументининг илк меҳмони» мақоласида жаноб Эрдоған илк хорижий олий мартабали зиёратчи ўлароқ ташриф буюрган “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументига алоҳида тўхталиб ўтилган. «Ўзбек халқининг 3 минг йиллик маданиятини акс эттирувчи, баландлиги 60 метр Мустақиллик монументи – “Янги Ўзбекистон” боғининг қоқ марказида жойлашган. Тепасида афсонавий Ҳумо қуши ўрнатилган ёдгорлик деворига тарихий Буюк ипак йўли ўйиб нақшланган. Мажмуада 5 та муҳим тарихий шаҳар - Хива, Бухоро, Самарқанд, Термиз ва Тошкентдаги қадимий обидалар акс этган...», ёзади муаллиф.
«Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи саммити» номли материалда турк муштарийларига саммитда эришилган натижалар ҳақидаги маълумот ҳавола қилинган.
Нашр Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг самитдаги қуйидаги сўзларини иқтибос сифатида келтиради: «Ўзбекистон мустақиллигини тан олган илк давлат эканлигимиздан доимо фахрланамиз. Муҳтарам қардошим Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида 6 йилдан буён «Янги Ўзбекистон» шиори остида азм-у шижоат билан амалга ошириб келинаётган ислоҳотларни мамнуният билан кузатиб келяпмиз. Бунинг натижасида Ўзбекистон янада равнақ топаётганига гувоҳмиз. Биз ўзаро муносабатни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб олдик. Туркия бугунга қадар бўлгани каби бундан сўнг ҳам стратегик ҳамкор, дўст ва қардош Ўзбекистоннинг ёнида бўлади».
Журналда ташриф доирасида имзоланган 10 та янги шартнома иқтисодий соҳадаги ютуқлар, Ўзбекистонда тобора кўпайиб бораётган турк капитали асосидаги фирмалар ва туркиялик тадбиркорлар инвестицияси ҳажмини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланган.
«Ғаройиб Хива шаҳри» сарлавҳали мақоладан тарихий Хива шаҳрига ташриф тафсилоти ўрин олган. Мақолада мазкур кўҳна кентнинг тарихи, Ичан қалъа мажмуаси ва Ота дарвоза, Муҳаммад Аминхон мадрасаси, Калтаминор, Кўҳна Арк, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Жума масжиди каби қадимий ёдгорликлар Туркия Президентида катта таассурот қолдиргани қайд этилган.
Махсус сондан ўрин олган материалларда, шунингдек, жорий йил Ўзбекистон - Туркия дипломатик муносабатининг 30 йиллиги кенг нишонланаётганига урғу берилган.
Муаллифлар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ўртасида яқин ва самимий алоқа ўрнатилгани барча соҳаларда ҳамкорлик муносабати жадал тус олишидаги асосий омил эканига эътибор қаратган.
Икки давлат раҳбарининг маърифатга, хусусан, китоб мутолаасига бўлган алоҳида меҳри, ҳурмати туфайли учрашувлар чоғи ўзаро китоб алмашиш анъанага айланмоқда, дейилади материаллардан бирида. «2021 йил Туркий Кенгаш саммити доирасида Истанбулга ташриф буюрган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоғанга «Дунё янада одил бўлиши мумкин» китобининг ўзбек тилидаги таржимасини совға қилган эди. Туркия Президенти эса Ўзбекистонга сўнгги ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёевга Алишер Навоийнинг нодир девонини ҳадя қилди, дейилади махсус сондан ўрин олган материалда.
ЎзА