Туркия ОТМлари ректорлари ТДШУда
Учрашувда меҳмонлар юртимизда, жумладан, ТДШУда туркшуносликнинг ривожланишига, Туркия олий ўқув юртлари ва таълим йўналишидаги ташкилотлари билан ҳамкорлик даражасига юқори баҳо бердилар.
Истанбул университети ректори Маҳмуд Ак ва Анқара университети ректори Нежет Унувар Тошкент давлат шарқшунослик университети билан мавжуд ҳамкорлик шартномалари доирасида келгусида амалга ошириладиган ишлар хусусида сўзлади.
Тадбирда 2022 йил давомида туркшунос профессор-ўқитувчиларимизни Анқара университетига малака ошириш учун юбориш, май ойида эса ТДШУда Истанбул университети билан ҳамкорликда Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг 30 йиллигига бағишланган қўшма халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг сентябрь ойида ТДШУда қароргоҳи Туркияда жойлашган Олтой академик ҳамжамияти билан биргаликда 10-Олтой ҳамжамияти халқаро симпозиуми ўтказилиши режалаштирилган. Бурса Улудағ университети ректори Аҳмад Саим Килавуз мазкур анжуманни ташкил этиш ташаббусини фаол қўллаб-қувватлади.
Бугунги кунда туркшунослик факультети Ўзбекистон миқёсида фақат ТДШУда фаолият олиб боради. Шу маънода делегация таркибидан ўрин олган Йилдирим Боязид номидаги Анқара университети ректори Иброҳим Айдинли ва Режеп Таййип Эрдоған университети ректори Ҳусайн Караман университетда туркшунослик жадал ривожланиб бораётганидан мамнун эканликларини билдиришди. Келгусида бу борада илмий ва ўқув адабиётлари билан таъминлаш, соҳа мутахассислари алмашинувини ташкил этиш ва бошқа йўналишларда кўмак беришга тайёрликларини таъкидлашди.
Учрашувда Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳам иштирок этди.
Элёр Маҳмудов,
ТДШУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори