Туркия осмонида бугун кечаси соатига 100 тагача метеор оқимини кўриш мумкин
Бугун, 12 августдан 13 августга ўтар кечаси Туркия осмонида йилнинг энг диққатга сазовор осмон ҳодисаларидан бири – Персеидлар метеор оқими (учар юлдузлар) энг юқори фаоллик босқичига чиқади. Истанбулдаги қулай об-ҳаво ва очиқ осмон шароитида соатига 100 тагача метеорни кўриш имкони бор.
Персеидлар метеор оқими ҳар йили 17 июлдан 24 августгача фаоллашади. Энг юқори нуқта одатда август ойи ўрталарига тўғри келади.
Қандилли расадхона ЎзАга берган маълумотига кўра, бу кеча Ойнинг ёруғлиги атиги 1,8 фоизни ташкил этади. Шу боис ноёб ҳодисани тун бўйи кузатиш мумкин. Энг қулай вақт ярим тундан кейин бошланади. Метеор маҳаллий вақт билан 05:00-07:00 оралиғида фаоллашади.
Метеорлар атмосферага жуда катта – ўртача 59 километр/сония тезликда кириб келиб, самонинг турли қисмида пайдо бўлади. Персеидларни кузатиш учун махсус телескоп ёки дурбин талаб этилмайди. Аксинча, кенг ҳудудда кўриниши боис, оддий кўз билан кузатиш қулайроқ. Кузатувни бошлашдан аввал кўзни қоронғуликка мослаштириш зарур. Шунинг учун тахминан 20 дақиқа олдин телефон, компьютер каби ёрқин экрандан, кучли чироқдан узоқроқ бўлиш тавсия этилади. Шунингдек, шаҳар ёруғлигидан узоқ, осмон кенг кўринадиган очиқ жой танлаш ҳам метеорни кузатиш имконини сезиларли даражада оширади.
Нодира Қаюмова, ЎзА