Туркия ҳаво ташувида рақобат пайдо бўлмоқда
“Turkish Airlines” холдинги “AnadoluJet” суббрендини қайта тузиб, алоҳида тўлақонли, арзон нархли “Ajet” компаниясини ташкил қилади. Мамлакат туризм соҳаси вакиллари бу ғоя тизим ривожига ижобий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди. Европа мамлакатлари тажрибасига кўра, саёҳатчиларнинг, деярли, ярми арзон авиакомпаниялар орқали учади.
“Turkish Airlines” “AnadoluJet” арзон ташувчи бўлимидан янги шўъба корхонаси – “Ajet Hava Taşımacılığı Anonim Şirketi”ни ажратди. “AзерТAЖ” хабарига кўра, янги компания 2023 йил 14 июлда рўйхатга олинган бўлиб, устав капитали 450 миллион лира (17,2 миллион доллар)ни ташкил этади. Ушбу қадам автоном авиакомпания яратиш жараёнининг давомидир. Шу пайтгача бўлинма корпоратив тузилма сифатида мавжуд эди.
“AnadoluJet” флоти тўртта A320, ўн иккита A321, еттита В737-8 ва қирқ олтита В737-800 самолётидан иборат.
Aвиация бозори мутахассислари вақт ўтиши билан ташувчи парки унификация қилинишини истисно этмайди. Бу арзон авиакомпанияларга хос хусусият.
Туркия туризм саноати мамлакатда ихтисослашган арзон авиакомпания пайдо бўлиши ҳақидаги хабарни олқишламоқда. Мамлакатда тўлақонли арзон авиакомпания йўқлиги Ўрта ер денгизи атрофидаги бошқа мамлакатлар билан рақобатни қийинлаштирмоқда.
“Aрзон авиакомпаниялар ҳар куни сайёҳларни Европа шаҳарларидан Испания ва Грециядаги рақобатчиларимизга олиб келади”, деб ёзган мамлакат Туризм агентлиги.
Германиянинг “FVW” сайёҳлик журнали тадқиқотига кўра, 2016 йил Испанияга келган сайёҳларнинг ярми арзон авиакомпания хизматидан фойдаланган. Паст баҳо туфайли туризмнинг бозордаги улуши муттасил ошиб боради.
Мутахассислар фикрича, “Ajet” энди “Easyjet”, “Ryanair” ва “Germanwings” билан рақобатга киришади. Ҳозирга қадар мамлакатдаги бир неча авиакомпания қисман кам бюджетли моделга ўтган бўлса-да, бизнес учун тўлиқ инфратузилма ярата олмаган.
Г.Сатторова, ЎзА