Туркия етакчиси нимадан хавотирда?
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған мамлакатда аҳоли ўсиш суръати пасайиб бораётганидан жиддий хавотир билдирди. "TRT Haber" телеканали маълумотига кўра, давлат раҳбари Эфиопиядан қайтаётиб, журналистлар билан суҳбатда шу масалага алоҳида тўхталган.
Таъкидланишича, Туркия аҳолиси камайиши ва демографик кўрсаткич пасайиши мамлакат келажаги учун хавотирли вазиятни юзага келтирмоқда. Шу боис жорий йил оила масаласини қўллаб-қувватлаш ва мазкур институтни мустаҳкамлаш ҳукуматнинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Маҳаллий Статистика институти 2025 йил учун тақдим этган ҳисоботда қайд этилишича, мамлакат аҳолиси ўтган йилга нисбатан 427 224 кишига кўпайиб, жами 86 092 168 нафарга етган. Гарчи аҳоли сонида ўсиш кузатилган бўлса-да, табиий туғилиш кўрсаткичи энг қуйи нуқтага тушгани таъкидланган.
Президент Эрдоған бу тенденцияни тўхтатиш ва миллатнинг демографик салоҳиятини сақлаб қолиш учун кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш зарурлигига урғу берган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА