Туркий дунёда фуқаролик дипломатияси: Боку форуми янги мулоқот платформасига айланмоқда
Шу кунларда Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган шаҳарлаштириш ҳафталиги доирасида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар нодавлат нотижорат ташкилотлари II-Ҳамжиҳатлик форуми ҳам ўтказилди. Мазкур анжуман сўнгги йилларда туркий маконда фуқаролик жамияти институти тобора фаол геосиёсий ва гуманитар омилга айланаётганини кўрсатди.
Тадбирда Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Шимолий Кипр вакиллари ижтимоий тадбиркорлик, ёшлар сиёсати, инклюзив жамият, маданий мерос ва барқарор шаҳар мавзуларини атрофлича муҳокама қилди.
Таҳлилчилар фикрича, форумнинг ўзига хослиги туркий давлатлар ҳамкорлигини давлат даражасидан жамоатчилик ва экспертлар даражасига кўчиришга умумий интилиш билан боғлиқ. Илгари туркий интеграция асосан сиёсий-иқтисодий йўналишда кўрилган бўлса, эндиликда ННТ, ақлий марказлар ҳамда ёш етакчилар ҳам ушбу жараённинг фаол иштирокчиларига айланмоқда.
Маълумки, мамлакатимиз фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг халқаро жамоатчилик мулоқотидаги фаоллиги кескин ортди. Хусусан, очиқ мулоқот, эксперт дипломатияси ва айни йўналишдаги фаолиятни қўллаб-қувватлашга қаратилган самарали ёндашув халқаро майдонда ҳам акс этмоқда. Айниқса, Туркий давлатлар ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги гуманитар шериклик кўлами кенгайиши минтақа учун янги мулоқот муҳитини шакллантирмоқда.

Экспертлар фикрича, Боку форумининг яна бир муҳим жиҳати ҳамкорликни фақат расмий даражада эмас, балки жамият ва экспертлар ўртасида ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилишида. Бугунги кунда глобал барқарорлик кўп жиҳатдан ишончли гуманитар алоқалар, ННТ ҳамкорлиги ва интеллектуал мулоқотга ҳам боғлиқ. Шу маънода, мазкур тадбир келгусида Туркий маконда умумий фуқаролик ва гуманитар кун тартибини шакллантириш учун қулай платформа вазифасини бажаради.
Қайд этилганидек, 2022 йилдан кейин айни жараён изчил институционаллаша бошлади. Ўтган давр мобайнида ташкил қилинган кўплаб анжуманлар туркий маконда фуқаролик дипломатияси ва гуманитар интеграцияни янги босқичга кўтариш мақсадини кўзлаган. Боку мулоқоти мазкур форумлар силсиласидаги иккинчи умумтуркий йиғилиш сифатида кенг қамровли майдонга айланди. ННТ ва интеллектуал марказларни йиғиб, янги “интеллектуал ва фуқаролик интеграцияси” майдонини яратди. Таъкидланганидек, алоҳида ҳамкорлик форумлари кўпайиши ва доимийлик касб этиши мамлакатларимиз ўртасидаги гуманитар алоқаларни институционаллаштириш тенденцияси яққол намоён бўлмоқда. Озарбайжон етакчи ўрин тутган ушбу жараёнда фуқаролик дипломатияси давлатлар ўртасидаги расмий сиёсатни самарали қўллаб-қувватлаётгани эътироф этиляпти.
Кун тартибидан ижтимоий тадбиркорликни рағбатлантириш, ёшлар ва аёллар имкониятини кенгайтириш, маданий меросни асраш, шаҳарларни барқарор ривожлантириш ва инклюзив жамият қуриш сингари муҳим мавзулар ўрин олди. Бу масалалар “яшил” иқтисодиёт, рақамли трансформация ва инсон капиталини ривожлантириш билан узвий боғлиқ.
Бир сўз билан айтганда ННТ форуми туркий дунёда фуқаролик дипломатияси ва гуманитар интеграция янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатди. Давлатлар ўртасидаги расмий муносабат билан бирга фуқаролик жамияти институтлари алоқалари кенгаймоқда. Иштирокчилар янги ташаббуслар илгари суриб, ёшлар ва тадбиркорлар учун қўшимча имконият яратиб, маданий ва интеллектуал боғлиқликни мустаҳкамламоқда. Айни тенденциялар ТДТ доирасида барқарор ва инклюзив ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор яратилаётганини англатади.
Гўзал Сатторова, ЎзА