Туркий дунё тарихида илмий ва маданий бурилиш: Боку Туркология қурултойига 100 йил!(+видео)
Бундан ропа-роса бир аср муқаддам Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида туркий халқларнинг тақдири ва тили ривожини белгилаб берган тарихий Биринчи Туркология қурултойи бўлиб ўтган эди. Унда 131 нафар олим ва зиёлилар қаторида 11 нафар машҳур ўзбек жадид намояндалари ҳам иштирок этган.
Боку шаҳрида ушбу қутлуғ сана муносабати билан “Биринчи Туркология қурултойи: юз йиллик илмий ва маданий мерос” мавзусида халқаро конгресс бўлиб ўтмоқда.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг конгресс қатнашчиларига йўллаган табрик ва мурожаатини ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида туркий дунё бирлигини мустаҳкамлаш йўлида иккита муҳим ва йирик ташаббусни илгари сурди:
Биринчиси “Туркий дунё маърифатпарварлари” халқаро илмий-энциклопедик лойиҳасини яратиш;
Иккинчиси жадидчилик ҳаракати намояндаларининг барча асарлари ва архив ҳужжатларини қамраб олувчи ягона рақамли кутубхона шакллантириш.
Тадбирда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан келган 100 дан зиёд олимлар қаторида ўзбекистонлик тадқиқотчилар ҳам ўз маърузалари билан қатнашмоқда. Эътиборлиси, тадбир айнан 100 йил аввал қурултой ўтказилган Озарбайжон Миллий Фанлар академиясининг тарихий биносида бўлиб ўтмоқда.
Туркий дунё ҳафталиги доирасида иштирокчилар Озарбайжоннинг гўзал ва тарихий гўшалари — Оғдам, Шуша ва Хонкенди шаҳарларига ҳам ташриф буюришади.
Батафсил лавҳа ва тадбир жараёнлари юқоридаги видеомизда:
<iframe width="1335" height="751" src="https://www.youtube.com/embed/TAPn42F3dW0" title="Birinchi Turkologiya qurultoyi: yuz yillik ilmiy va madaniy meros" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шоҳрухбек Олимов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА