Туркий дунё санъатини ўрганиш янги босқичга кўтарилади
Андижон давлат университетида “Туркий дунё санъати: тарихий-маданий мерос ва замонавийлик” мавзусида илмий-назарий анжуман бўлиб ўтди.
Бобур шаҳрида ўтказилаётган Рассомлар фестивали дастури доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси, ТУРКСОЙ – Халқаро туркий маданият ташкилоти, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ҳамда Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Туркманистон, Қирғиз Республикаларидан ташриф буюрган тасвирий ва амалий санъат соҳаси вакиллари, олимлар, профессор-ўқитувчилар, ижодкорлар, талаба ёшлар иштирок этди.
Анжуман очилишида сўз олган ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев, Андижон давлат университети ректори Бахтиёржон Акбаралиев туркий халқлар санъати дунё тамаддунида ўзига хос ўрин тутиши, туркий дунё санъатининг қадим тарихи, анъана ва ўзига хос жиҳатларини ўрганиш ва тадқиқ этиш, бу борадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда ушбу анжуман муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси директори, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Камола Акилованинг “Марказий Осиё анъанавий санъатида Тенгри сиймолари ва рамзлари”, Анқара мусиқа ва тасвирий санъат университети Анъанавий туркий санъатлар бўлими бошлиғи, профессор Руҳи Конакнинг “Турк ислом тасвирий санъатида ифода ва шаклнинг ўзаро боғлиқлиги”, Камолиддин Бехзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти проректори Дилфуза Қурбонованинг “Темурийлар амалий санъатидаги бадиий услублар эволюцияси ва туркий эстетик анъаналарнинг ўзаро таъсири”, Озарбайжон Миллий фанлар академияси Меъморчилик ва санъат институти етакчи илмий ходими, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Эльчин Шамиллининг “Туркий маданиятнинг визуал коди замонавий санъат ва дизайн асоси сифатида” мавзусидаги ҳамда бошқа қатор соҳа олим ва мутахассисларнинг мавзу доирасидаги қизиқарли маърузалари тингланди.
[gallery-29499]
– Рассомлар фестивали доирасида ташкил этилган ушбу илмий-назарий анжуман туркий халқлар тасвирий ва амалий санъат вакилларини бир-бирига янада яқинлаштирди, – дейди Озарбайжон Миллий фанлар академияси Меъморчилик ва санъат институти етакчи илмий ходими, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Эльчин Шамилли. – Анжуманда тасвирий санъат, унинг ранг-тасвир, миниатюра ва бошқа йўналишлари бўйича туркий халқлар ижодидаги умумий ўхшашлик, ўзига хос жиҳатлар ҳақида жуда кўп маълумотлар айтилди. Анжуманда билдирилган янги-янги фикрлар, маълумотлар эса мутахассисларининг билимларини бойитиш билан бирга, ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳам кенг йўл очиб берди.
Якунда мавзу доирасидаги ўрганиш, илмий-тадқиқот ишлари кўламини кенгайтириш, самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. Анжуманнинг фаол иштирокчиларига ТУРКСОЙ ташкилотининг сертификатлари топширилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.