Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммити ҳақида
Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида ўтказилмоқда.
Саммитнинг қадим Турон дурдонаси ва туркий оламнинг тарихий марказларидан бири дея эътироф этилган Самарқандда ўтказилиши бежиз эмас. Буюк Ипак йўлининг асосий чорраҳасида жойлашган ҳамда қудратли давлатлар, буюк ҳукмдорлар пойтахти бўлмиш бу азим шаҳар асрлар давомида турли маданиятларнинг ўзаро бойитилишига беқиёс ҳисса қўшди.
Шу боис, жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Президентимиз умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида цивилизацияларо мулоқотни йўлга қўйиш, дунёдаги кескин муаммоларни ҳал этиш бўйича барча мамлакатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган Самарқанд бирдамлик ташаббусини илгари сурди.
Бугунги кунда Ўзбекистон кенг кўламли ислоҳотлар ташаббускори, минтақавий ва халқаро масалаларни бирлаштирувчи кун тартибини илгари суриб, туркий цивилизациянинг умумий ривожланиши ва фаровонлигининг янги даврига ўтиши учун зарур бўлган келишилган қарорлар қабул қилиш учун туркий давлатлар раҳбарларини қабул қилишга тайёр.
Саммит 2009 йилда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи остидаги Нахичавен келишуви бўйича расман тасдиқланган туркий давлатлар бирлашмаси ривожида янги босқични бошлаб беради. Аҳоли сони бўйича иккинчи туркийзабон дават бўлган Ўзбекистон 2019 йилда ушбу Ташкилотга қўшилди ва бу туркий мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга сезиларли таъсир кўрсатди.
2019-2021 йилларда Туркий кенгашининг тўртта саммитида Президентимиз томонидан кўп қиррали иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга доир қарийб 35 та ташаббус илгари сурилди.
Амалий ўзаро ҳамкорликнинг фаоллашуви бирлашманинг институционал ривожланишига туртки бўлди ва 2021 йил ноябрь ойида Истамбулдаги саммитда Туркий кенгаш номини Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу қарор Ташкилотга аъзо давлатлар ва кузатувчиларнинг устувор соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга ва шу муносабат билан амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг институционал асослари ва механизмларини шакллантиришга бўлган интилишидан далолат беради.
Шундай қилиб, Ташкилотга аъзо давлатлар (Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон) ва кузатувчи мамлакатлар (Туркманистон ва Венгрия) раҳбарлари Самарқанддаги саммитда илк бор туркий дунё давлатларининг тўлақонли ташкилоти жиҳатдан янгича форматида тўпланади.
Самарқанд саммитининг мавзуси: “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” бўлиб, бу туркий давлатларининг кўп асрлик маънавий-маданий муштараклиги, илғор ғоялари ва амалий ўзаро манфаатли ҳамкорлиги асосида янада яқинлашишига бўлган интилишини ифодалайди.
Бугунги кунда дунёда юз бераётган жадал ўзгаришлар табиийки, қардош мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлигини, улар олдида турган муаммоларга прагматик ечимлар топишни, минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича самарали ёндашувларни ишлаб чиқишни ва янги босқичда туркий оламининг улкан цивилизация салоҳиятини рўёбга чиқариш учун гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришни рағбатлантиради. ТДТ Самарқанд саммитининг кун тартиби жуда бой ва кўплаб шартномавий-ҳуқуқий ҳужжатларни қамраб олади.
Саммитда ТДТ нинг Самарқанд декларацияси қабул қилинади. Унда аъзо давлатларнинг муҳим минтақавий ва халқаро масалалар ҳамда сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича келишилган нуқтаи-назарлари ифодаланади.
Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишлари ва дастурларини ўзида мужассамлаштирган Стратегия тўғрисида қарор қабул қилиниши режалаштирилган.
Кун тартибида амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Савдо ва инвестиция ҳамкорлиги учун қулай шароитлар яратиш, Транскасбий халқаро транспорт йўлаги бўйича юк ташишларнинг маъмурий тартибларини соддалаштириш, туризм, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноат соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш шулар жумласидандир.
Бу борада қатор шартнома ва ҳужжатлар, жумладан Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқлиқ дастури ва халқаро аралаш юк ташувлари бўйича келишув қабул қилиниши кутилмоқда.
Бу қарорлар ТДТ мамлакатларида ўзаро савдони тубдан яхшилаш учун зарурдир. Бугунги кунда унинг ҳиссаси Ташкилотга аъзо давлатлар умумий савдо айланмасида атиги 3 фоизни ташкил этади ва уни кўпайтириш керак.
Бундан ташқари, саммитда фан ва таълим, технологиялар ва инновациялар каби соҳаларида минтақавий ҳамкорлик меҳанизмларини яратиш, маданий-гуманитар соҳа, жумладан тарих, маданият, анъаналар ва қадриятлар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.
Туркий давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш мамлакатларимизни самарали модернизация қилиш ва ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш учун шароитлар яратишга қаратилган. Саммит кун тартиби адолатли иқтисодий ўсиш ва халқларнинг турмуш даражасини оширишга йўналтирилган БМТ нинг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла мосдир.
Саммитдан сўнг раислик мамлакатимизга ўтиши сабабли мамлакатлар раҳбарларининг юқоридаги қарорлари ва келишувлари Тошкентнинг ҳамкорликка оид янги ташаббуслари билан бирга 2022-2023 йилларда кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга ҳал қилувчи таъсир кўрсатади.
Умуман олганда, ҳамма томонларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Самарқанд саммити ТДТнинг кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшади, дейишга барча асослар мавжуд.
Д.Қурбонов,
Халқаро муносабатлар
ахборот-таҳлил маркази
директор вазифасини бажарувчи