Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ҳозирда кечаётган минтақавий ва глобал жараёнларда алоҳида аҳамиятга эга кўп томонлама ҳамкорлик механизми сифатида эътироф этилмоқда.
Мазкур ташкилотга тўлақонли аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия. Туркманистон ва Венгрия эса кузатувчи мақомига эга давлатлардир.
Ташкилот ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, энергетика, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш масалаларига алоҳида аҳамият қаратмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон 2019 йилда Туркий давлатлар ташкилотига аъзоликка расман қабул қилинди, ўтган қисқа вақт давомида тузилма фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган 60 дан ортиқ муҳим ташаббусларни илгари сурди ҳамда ташкилотнинг энг фаол аъзоларидан бирига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг расмий ва норасмий саммитларида мунтазам иштирок этиб келмоқда.
Хусусан, 2022 йилда Ўзбекистоннинг ТДТда муваффақиятли раислик қилиши ҳамда мазкур ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокидаги саммитнинг самарали ташкил этилганлиги Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти ва кўп томонлама дипломатиясида янги саҳифа очди.
2023 йилнинг 3 ноябрь куни Қозоғистонда Туркий давлатлар ташкилотининг 10-саммитида Президент Шавкат Мирзиёев ташкилотнинг энг олий мукофоти – Туркий дунё олий ордени билан тақдирланди. Жорий йилнинг 6 июль куни эса Ўзбекистон Президенти ташкилотнинг Шуша шаҳрида (Озарбайжон) “Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш” шиори остида ташкил этилган норасмий саммитида ҳам иштирок этди.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мақомига эга давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқалари динамик равишда ўсиб бораётганини кузатиш мумкин. Жумладан, 2023 йил якунига келиб, ТДТ мамлакатлари билан Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2017 йилга нисбатан қарийб 3 баробар ошди ва 10 миллиард долларга етди. Ташкилотнинг Ўзбекистон умумий ташқи савдосидаги улуши эса 16 фоизга етди.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида ТДТ мамлакатлари билан жами ташқи савдо ҳажми қарийб 6 миллиард долларни ташкил этди.
Эътиборлиси, Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари, хусусан, Қозоғистон ва Туркия Ўзбекистоннинг тегишлича учинчи ва тўртинчи асосий ташқи савдо ҳамкорлари ҳисобланади. Қолаверса, Ўзбекистон ТДТда иштирок этувчи қўшни давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон, шунингдек, Каспий ортидаги Озарбайжон билан эркин савдо режими, Туркия ва Венгрия билан энг кўп қулайлик режими шартлари асосида ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларни йўлга қўйган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва бошқа ТДТ мамлакатларининг қулай географик жойлашуви уларнинг глобал ишлаб чиқариш ва савдо занжирларида асосий бўғин бўлиш имконини беради.
Мисол учун, Ўзбекистон Марказий Осиё ва Туркий давлатлар ташкилоти маконида транспорт-логистика ҳамда ўзаро боғлиқликни таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга. Қозоғистон ва Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига, Венгрия Европа Иттифоқига, Туркия эса Европа Иттифоқининг божхона иттифоқига аъзо ҳисобланади.
Шунингдек, Туркманистон ва Озарбайжон Кавказ ва Марказий Осиёни боғловчи муҳим давлатлардир. Шу нуқтаи назардан ТДТнинг қуруқлик кўприги сифатидаги роли, жумладан, Транскаспий транспорт-коммуникация лойиҳасининг (“Ўрта йўлак”) аҳамияти ортиб бормоқда.
“Ўрта йўлак”ни ривожлантириш ҳамда “Хитой – Қирғизистон –Ўзбекистон” темир йўли ва “Трансафғон коридори”ни барпо этиш орқали Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари нафақат Осиё ва Европа бозорларига киришни диверсификация қилиши, балки хорижий ҳамкорларнинг ҳам ТДТ маконига бўлган инвестицион ва савдо-иқтисодий қизиқиши ортишига эришилади.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда транспорт, энергетика ва логистика соҳаларини диверсификация қилиш ҳамда янги лойиҳаларни йўлга қўйиш авж олаётган геосиёсий рақобат шароитида ТДТ маконнинг муҳим стратегик ва барқарор ривожланаётган минтақа бўлишини таъминлайди.
Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари ўртасида барча йўналишлардаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва муҳим ташаббусларни илгари суриш қардош туркий халқларни бир-бирига янада жипслаштиради ҳамда ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.
Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
ижрочи директори.
ЎзА