Туркий бирдамлик сари яна бир қадам
Яқинда Қозоғистонда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусидаги норасмий саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар хусусида Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Шарқ мамлакатлари ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлилий маркази директори Адҳам Мамаджонов ЎзАга қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Ушбу саммитда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар бугунги мураккаб халқаро вазиятда ўзаро ишонч, конструктив мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш ҳар қачонгидан муҳимлигини яна бир бор исботлади.
Глобал миқёсда геосиёсий зиддиятлар кучайиб бораётган бир вақтда ТДТнинг нуфузи ортиб бораётгани ташкилотга аъзо давлатларнинг ўзаро бирдамлиги ва стратегик ҳамкорлиги мустаҳкамланаётганидан далолат. Айниқса, иқтисодий интеграция ва молиявий институтлар фаолияти жадаллашиши келгусида ўзаро алоқаларни янада юқори босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида бугунги кунда жаҳонда турли зиддиятлар тобора авж олиб бораётгани ва бу шароитда халқаро муносабатларда ишонч тақчиллиги янада кучайиб, глобал институтларнинг ўрни ва таъсири борган сари заифлашиб бораётгани сабабли ўзаро мулоқотни фаоллаштириб, муҳим масалалар юзасидан уйғун позициялар ишлаб чиқиш зарурлигини алоҳида такидлади. Шунингдек, сўнгги йилларда ТДТ нуфузли тузилмалардан бирига айланганини ҳам алоҳида эътироф этди. Зеро, 2025 йил ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион доллардан ошиб, ўсиш суръати глобал кўрсаткичдан икки карра кўтарилди. Жорий йилдан Туркий инвестиция жамғармаси, Марказий банклар кенгаши, Яшил молиялаштириш бўйича Туркий кенгаш фаолияти йўлга қўйилди.
Президентимиз ташкилот доирасида сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш, “Рақамли туркий коридор концепцияси”ни ишлаб чиқиш, Тошкент шаҳрида аъзо давлатлар иштирокида Технологиялар форумини ўтказиш таклифини билдирди. Қолаверса, илм-фан, таълим ва ёшлар масалаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш, Яссавий тариқатининг бағрикенглик ва маърифатпарварлик ғояларини ҳамкорликда чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этиш, Хива шаҳрида Ёш лидерлар форуми ва Халқаро ёшлар фестивалини ўтказиш, Ёшларнинг истиқболли стартаплари, инновацион ишланмалари, сунъий интеллектга асосланган турли ечимларини молиялаштириш учун Қўшма венчур жамғармасини ташкил этиш, рақамли логистика платформаларини яратиш ва интеграция қилиш, сунъий йўлдош маълумотлари асосида Туркий давлатлар ташкилоти иқлим хатарларини мониторинг қилиш тизимини яратиш ҳамда экология масалаларига эътиборни янада кучайтириш мақсадида Ташкилот доирасида 2027 йилни “Табиатни асраш йили” деб эълон қилиш каби бир қанча ташаббусларни ҳам билдирди.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан терроризм, экстремизм ва ёт оқимларга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, киберхавфсизлик соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш ва замонавий мутахассислар тайёрлаш, тезкор ахборот алмашиш, шунингдек янги таҳдидларни аниқлаш ва олдини олиш мақсадида Киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича Туркий альянс тузиш каби қатор фикрларни илгари сурди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган мазкур ташаббуслар Туркий давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, логистика ва инновация соҳасида стратегик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича билдирилган таклифлар замонавий глобал тараққиёт талабларига тўлиқ мос келади.
Хавфсизлик соҳасида илгари сурилган ташаббуслар бугунги мураккаб геосиёсий шароитда минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ташаббуслар туркий давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш билан бирга, минтақанинг тинчлиги ва барқарор тараққиётини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар ТДТ доирасида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамда хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Айниқса, замонавий таҳдид ва глобал беқарорлик кучайиб бораётган бугунги даврда ўзаро ишонч, бирдамлик ва стратегик шерикликни ривожлантириш муҳим омилдир. Илм-фан, рақамли технология, ёшлар сиёсати, экология ва киберхавфсизлик йўналишларидаги амалий ташаббуслар эса туркий давлатларнинг умумий тараққиёти, минтақавий барқарорлик ҳамда халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилишига ишонамиз.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова ёзиб олди.