
Ватанимиз тарихидаги 20 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1896 йил (бундан 129 йил олдин) – Туркистон ўлкасида Россия императорлиги география жамиятининг Туркистон бўлими ташкил қилинди. Унинг илк раиси генерал-губернатор А.Б.Вревский бўлди. Туркистонда бундай илмий жамият очишдан мақсад Туркистон, Бухоро, Хива ҳудудлари, Хитой ва Афғонистон билан чегарадош бошқа ҳудудларда табиатшунослик, этнографик, статистик тадқиқотларни олиб бориш, ўлкани илмий ўрганиш учун келган барча сайёҳлар ва тадқиқотчиларга ёрдам кўрсатишдан иборат эди.
1906 йил (бундан 119 йил олдин) – механик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат қўрсатган фан ва техника арбоби Муҳаммад Ўрозбоев таваллуд топди (вафоти 1971 йил). У 1963–1971 йилларда Тошкент политехника институти ректори бўлган. Унинг асосий илмий ишлари механика ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги назариясига доир. Муҳаммад Ўрозбоев Ўзбекистонда сейсмик мустаҳкамликнинг динамик назарияси ва қобиқлар назариясига оид илмий мактаб яратган, механика фанининг кўп илмий йўналишларига асос солган.
1913 йил (бундан 112 йил олдин) – ўзбек шоири, драматург, таржимон Амин Умарий таваллуд топди (вафоти 1942 йил). Унинг ўтган асрнинг 30-йилларидаги шеърларида ёшлик туйғулари, қайноқ қалб орзулари ва юксалиш иштиёқида меҳнат қилаётган кишиларнинг кечинмалари акс эттирилган бўлиб, улар чуқур лиризм, образлар, тасвир воситаларининг жозибадорлиги, тилининг содда ва ёрқинлиги билан ажралиб туради. Шоирнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги шеърларида эса кишиларнинг жасорати, матонати куйланган.
1914 йил (бундан 111 йил олдин) – “Садои Туркистон” газетасининг шу кунги сонида Абдулла Авлонийнинг “Гапурманглар” номли шеъри чоп этилди. Муаллифнинг фикрича, миллат таназзулдан изтироб чекаётган, мустамлака гирдобида қолиб, эрку озодликдан маҳрум бўлган бир замонда ишқий мавзуларда шеър ёзиш муносиб эмас.
Сизга арзим будур, эй шоирон, ишқия назм этманг,
Қалам қош, зулфи сунбул, сарви қоматдан гапурманглар.
Келинг, эмди ёзайлик, сўзлашайлик камчиликлардан.
Авлоний нима учун “Ишқия назм этманг”, яъни ишқий шеърлар ёзманг демоқда? Бу билан у дунёвий муҳаббатга қарши чиқмоқдами? Табиийки, бундай эмас. У Туркистон шоирларини ҳадеб ишқий шеърлар ёзавермасдан ўлкада ҳал қилиниши лозим бўлган камчиликлар, муаммолар ҳақида ёзишга даъват этади. Маърифатпарвар шоирнинг “Ёзайлик, сўзлашайлик камчиликлардан”, дея таъкидлашининг сабаби шунда.
1919 йил (бундан 106 йил олдин) – Туркистон Республикаси Маориф халқ комиссарлиги (вазирлиги) ҳайъати мажлисида Туркистонда диний мактаблар фаолиятини тугатиш тўғрисидаги масала кўрилди. Мазкур мажлисда Туркистон халқ маорифи бўлими мудирининг эски мактаблар ва уларни ёпиш, маҳаллий муаллимлар ва улар учун уездларда ёзги педагогик курслар ташкил қилиш ҳақидаги маърузаси ҳам тингланди.
1923 йил (бундан 102 йил олдин) – Туркфронт ҳарбий трибуналининг Самарқанд бўлими Шоҳизинда мақбарасида Матча беги Асрорхон ва 11 кишидан иборат миллий истиқлол курашининг фаол қатнашчиларини ўлимга ҳукм қилди.
1923 йил (бундан 102 йил олдин) – ёзувчи, жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Сарвар Азимов таваллуд топди (вафоти 1994 йил). У Ўзбекистон маданият вазири, Министрлар Совети раиси ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири лавозимларида ишлаган. У адабий жараён масалаларига бағишланган адабий-танқидий ва публицистик мақолалар ёзди. Ҳамид Олимжон ижодини тадқиқ этди.
1938 йил (бундан 87 йил олдин) – Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг “Хотин-қизлар ўртасидаги ишлар тўғрисида” қарори қабул қилинди. Унда хотин-қизларнинг малакасини ошириш, моддий-маиший шароитини яъшилаш, уларни раҳбарлик лавозимларига тортиш орқали ишлаб чиқаришга жалб қилишни кенгайтириш масалалари акс этган эди.
Тарихчи Нилуфар Жўраеванинг қайд этишича, бу ҳолат Ўзбекистонда ишчи кучи етишмаслигидан келиб чиқиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, бўш ўринларни тўлдириш, янги корхоналар, муассасаларни ишчилар билан таъминлашни аксар партия-совет раҳбарлари хотин-қизлар ҳисобига тўлдиришни таклиф этганди. Ишчилар синфи сафларини тўлдиришнинг асосий манбаларидан бири – уй бекалари бўлган.
1970 йил (бундан 55 йил олдин) – Тошкент зилзиласи оқибатларини тугатишга бағишланган “Матонат” яхлит бадиий ёдгорлик мажмуаси очилди. Бронза ҳайкалда бағрига боласини босиб турган аёл ва табиий офатга қарши кўксини қалқон қилаётган эркак тасвирланган. Ҳайкал ёнидаги қора лабрадор-кубнинг бир томонига зилзила юз берган вақт – соат 5 дан 23 минут ўтганини кўрсатиб турган соат мили, бошқа томонига “1966 йил 26 апрель” сўзлари ўйилган.
2001 йил (бундан 24 йил олдин) – Тошкент Гольф клубида гольф бўйича Ўзбекистоннинг биринчи очиқ чемпионати ўтказилди. Унда Ўзбекистон, АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Малайзия, Англия, Шотландия, Канада, Жанубий Африка Республикаси ва бошқа мамлакатлардан юзга яқин спортчи қатнашди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Яйловлар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Ҳар бир оила-тадбиркор» дастурини молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон–Жанубий Корея ҳамкорлигида Тошкентда болалар миллий тиббиёт маркази очилди. Қиймати 130 миллион доллардан зиёд бўлган мазкур тиббиёт маркази Корея Республикаси иқтисодий ривожлантириш ва ҳамкорлик фонди иштирокида барпо этилди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Доривор ўсимликлар хом ашё базасидан самарали фойдаланиш, қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик тармоқларини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА