Туризмни биргаликда ривожлантирамиз
Сочидаги “Роза Хутор” мажмуасида ўтказилаётган Евроосиё тоғ курортлари альянси аъзоларининг биринчи фестивали доирасида иштирокчилар жамоалари тоғ ёнбағирларида чанғида учиш бўйича кўргазмали чиқишларини намойиш этди.
Жумладан, Ўзбекистондан “Амирсой” дам олиш маскани вакиллари ҳам миллий мусиқа садолари остида чиқиш қилди. Шундан сўнг “Евросиёда тоғ туризмини биргаликда ривожлантириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, мавжуд имкониятлар ва муаммолар Евроосиёнинг етакчи тоғ курортлари раҳбарлари томонидан муҳокама қилинди.
[gallery-16407]
– Альянс ўтган йил ташкил этилган бўлса-да аъзолар ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўя олдик, – деди Евроосиё тоғ курортлари альянси котиби Андрей Кукушкин. – Ахборот алмашиш, туризм хизматларини тарғиб қилиш, биргаликда режалар тузишда бир мунча натижаларга эришдик. Ва бу фаолиятимизга ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Эндиликда ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, туристларни кўпроқ жалб қилишга эътибор беришимиз зарур. Илк фестиваль ва унинг доирасидаги кенг кўламли ишлар ушбу мақсадга хизмат қилиши шубҳасиз. Шунингдек, бугун альянс корпоратив университети томонидан “Глобал хавфсизлик концепцияси: маркетинг ва хизматлар”, “Тажриба маркетинги”, “Компетенцияни ривожлантириш” мавзуларида интерактив маърузалар тингланди. Кечки дастурда эса фестиваль иштирокчиларининг миллий таомлари кўргазмаси ўтказилди.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири