Туризм хизматлари сифати ошади
Навоий шаҳридаги “Zarafshon by DEDEMAN” меҳмонхонасида Туризм қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Меҳмонхоналар Ассоциацияси ҳамкорлигида ўқув семинари ташкил қилинди.
Семинарда туризм хизматларининг сифати ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг малакасини ошириш мақсадида жойлаштириш воситаларида фаолият юритаётган администратор ва хўжалик хизматчилари учун ўқув дастурлари ўтилди.
Унда малакали мутахассислар томонидан махсус дастур асосида “Front ofis” ва “Housekeeping” йўналишлари бўйича маълумотлар берилди.
– Вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Хатирчи, Нурота, Навбаҳор, Кармана, Қизилтепа туманларини қамраб олган 340 км масофада 60 та туризм объекти мавжуд. Ушбу объектда 14 та туризм маршрутларини ўз ичга олган Навоий “туризм ҳалқаси” йўналиши ташкил этилган. Унда транспортда ва пиёда саёҳат қилиш учун алоҳида туристик маршрутлар яратилган, – дейди Туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Хўжаев. – Натижада 2024 йилда вилоятга 420,2 минг нафар хорижий ва 2 миллион 485 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилиб, 2023 йилга нисбатан ўсиш кўрсаткичи 2,6 баробарга ошди. Ҳозирда вилоятда 6983 та ўринга эга 238 та жойлаштириш воситалари фаолият юритиб келмоқда. Шундан 105 таси экотуризм объекти ҳисобланади.
[gallery-21291]
Бугунги кунда экотуризм объектларини ўз ичига олган 20 та янги турмаршрутлар ташкил этилиб, улар сони 70 тага етказилди ва вилоятнинг экотуризм харитаси ишлаб чиқилди.
Маҳорат дарслари ва қизиқарли машғулотларга бой тарзда ўтган ўқув-семинари якунида иштирокчиларга малака сертификатлари тақдим этилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари