“Туризм ва ОАВ муносабатлари” – Хитойдаги халқаро конференция бош мавзуси бўлди
Хитой аҳоли сони жиҳатидан дунёда Ҳиндистон билан биргаликда биринчи-иккинчи ўринларни эгаллайди. Модомики 1,5 миллиард аҳолининг бир қисми вояга етмаган болалар бўлса, яна бир қисми 60 ёшдан ошганлардир. Бу эса туризм ташкилотчиларидан масалага табақалашув жиҳатидан ёндашувни талаб этади.
Масалан, Хитойда нафақадаги инсонлар 323 миллионга етган. Уларни соғломлаштириш мақсадида саёҳат қилдириш харажатининг ўзи 2 триллион юань (300 миллиард доллар)га етган. Йиллик ўсиш эса 15-20 фоизни ташкил этмоқда.

– Қолаверса, ҳозирги вақтда саёҳатда узоқ муддат яшаш янги удумга айланмоқда, – дейди Хитойнинг Гуйчжоу провинцияси маданият департаменти раҳбари Ван Чжу. – Сайёҳлар минглаб чақирим йўл босиб, кўнглига ёққан шаҳарни танлайди, тоғлар ва дарёлар қўйнида ором олиб, бегона юртни ўз ватанига айлантиради ҳамда кундалик ҳаёт оқимида янада хотиржам ва эркин турмуш тарзини излайди. Саёҳатда яшаш индустрияси туризмни юқори сифатли ривожлантиришнинг янги йўлига айланиб, одамларнинг турмуш тарзи, истеъмол хулқ-атвори ва ижтимоий муносабатларини қайта шакллантирмоқда.

Хўш, шундай шароитда туризмни ривожлантириш ва оммавий ахборот воситалари муносабатлари қандай асосларда қурилиши лозим?
Хитойнинг Гуйчжоу шаҳрида бўлиб ўтган журналистларнинг халқаро конференциясида шу мавзу муҳокама қилинди. Унинг ишида Европа ва Осиё, жумладан, Марказий осиё давлатлари журналистлари иштирок этди.

Ўзбекистонлик қатнашчилар туризм инфратузилмасини мустаҳкамлашнинг ўзи муаммоларни ҳал қила олмаслиги, саёҳат манзиллари ҳақида русийзабон халқлар учун турли шаклдаги босма ва электрон ахборотлар инглиз, хитой, испан тиллари қатори халқаро мақомдаги рус тилида ҳам бўлиши лозимлиги, таржима технологияларини замонавий синхрон таржима техник воситаларига алмаштириш, тарғибот ишларини кучайтириш, оммавий ахборот воситалари билан шартнома асосидаги лойиҳалар кўламини кенгайтириш каби таклифларни киритди.


Конференция доирасида Хитойнинг дунёдаги 70 та давлатда мухбирлик бўлими бўлган CNS ахборот агентлиги бош директори Чжан Лэй билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди ва 2027 йил режалари маъқулланди.
Муҳаммаджон Обидов,
Хитой, Гуйчжоу шаҳри, ЎзА