Туризм учун қулай фурсат
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан берилган дам олиш кунларидан юртдошларимиз самарали фойдаланиб, мамлакатимиз бўйлаб сайёҳатларни амалга оширди.
Транспорт, маданий мерос объектлари, музейларга киришда ва сайёҳлик билан боғлиқ хизматларда имтиёзлар берилиши эса сайёҳлар оқими кўп бўлишини таъминлади. Маълумотларга кўра, ана шу қулайликлар туфайли 18-22 март кунлари Самарқандга 203 минг нафар маҳаллий, 20 минг нафарга яқин хорижлик сайёҳ келди.

Туристлар оқимини кўпайтириш мақсадида шу кунлари Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан вилоятда улоқ-кўпкари мусобақаси, миллий таомлар тайёрлаш бўйича гастрономик фестиваль, шунингдек, миллий каштачилик республика кўргазма-савдоси ва яна бошқа маданий, кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди.

Баҳорги таътил даврида ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказишларига имконият яратиш мақсадида 21-31 март кунлари “Ёшлар туризми ҳафталиги” ўтказилмоқда. Ҳафталик давомида 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўқувчи ва талаба ёшлар мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилишлари учун йўл харажатлари, театр, кинотеатр, концертга киришларида махсус чегирмалар жорий этилган. Музей ва маданий мерос объектларига кириш эса мутлоқ бепул этиб белгиланган.

Ҳафталик доирасида Самарқанд шаҳридан 511 нафар ва Булунғур туманидан 50 нафар мактаб ўқувчиларининг Бухоро вилоятига саёҳатлари ташкил этилди. Тойлоқ тумани ва Самарқанд шаҳрининг яна 100 нафардан ортиқ ўқувчилари Тошкент шаҳрига саёҳат қилиб келди. Шу кунларда Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий обидаларда ҳам мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар кўпчиликни ташкил этмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА