Туризм таълимини халқаро даражага олиб чиқиш йўлида муҳим қадам
Бухорода туризм ва меҳмондўстлик соҳаси учун халқаро стандартларга жавоб берадиган малакали кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини янги босқичга кўтариш ва илғор хорижий тажрибани амалиётга кенг жорий этиш борасида муҳим қадамлар ташланмоқда.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Австрия савдо вакили Рудольф Лукавский, меҳмондўстлик ва ошпазлик соҳаси эксперти Томас Дрдак ҳамда архитектор Зелько Каталинич билан учрашиб, мазкур йўналишдаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашувда, аввало, Бухорода туризм таълимини халқаро мезонлар асосида модернизация қилиш, замонавий меҳмондўстлик индустрияси талабларига мос кадрлар тайёрлаш ҳамда таълим жараёнини иш берувчилар эҳтиёжлари билан узвий боғлаш масалаларига эътибор қаратилди. Бу жараён Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш, ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш ва таълимни ишлаб чиқариш билан интеграция қилишга қаратилган давлат сиёсати, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган инсон капитали ва касбий таълимни ривожлантириш ташаббусларининг Бухородаги амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.
Мулоқотда Бухоро туризм ва маданий мерос техникумини Бухоро халқаро туризм техникумига айлантириш ва унинг фаолиятини халқаро талаблар асосида қайта ташкил этиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу ташаббус оддий ном ўзгариши эмас, балки таълим муассасасининг мазмун ва фаолият моделини тубдан янгилашни назарда тутади. Яъни, замонавий ўқув дастурлари, хорижий тиллар, амалий машғулотлар, меҳмондўстлик стандартлари, сервис маданияти ва халқаро сертификатлаш тизимларини таълим жараёнига кенг татбиқ этиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур йўналишда Австриянинг нуфузли IMC Krems амалий фанлар университети билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Университетнинг амалий таълимга йўналтирилган тажрибаси Бухорода туризм соҳаси учун “ўқиш — амалиёт — иш” тамойилига асосланган самарали кадрлар тайёрлаш тизимини шакллантиришга хизмат қилиши мумкин.
Хорижий мутахассислар айни пайтда техникумнинг мавжуд инфратузилмаси, ўқув хоналари, лабораториялари, ошхона ва ётоқхона имкониятларини ўрганмоқда.
Ўрганишлар натижасида мавжуд инфратузилмани халқаро мезонларга мослаштириш, замонавий ўқув меҳмонхонаси ва ресторанини ташкил этиш, таълим жараёнида амалий машғулотлар улушини сезиларли ошириш бўйича таклифлар шакллантирилмоқда.
Айниқса, Австриянинг дуал таълим тизими тажрибасини Бухорода жорий этиш ташаббуси эътиборга молик. Бундай ёндашувда талаба фақат аудиторияда назарий билим олиш билан чекланмайди, балки реал меҳмонхона, ресторан ва туризм объектларида касбий кўникмаларини шакллантиради.

Бу эса битирувчининг меҳнат бозорига тайёр ҳолда кириб бориши, иш берувчи учун эса зарур компетенцияларга эга мутахассисни шакллантириш имконини беради.
Учрашувда Халқаро туризм ва меҳмондўстлик марказини ташкил этиш, педагогларни хорижда малака оширишини йўлга қўйиш, замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда “2+2” шаклидаги қўшма бакалавриат дастурини амалга ошириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Айниқса, педагоглар малакасини халқаро даражага кўтариш масаласи стратегик аҳамиятга эга. Чунки замонавий таълим сифати, энг аввало, замонавий билим ва кўникмаларга эга ўқитувчига боғлиқ. Хорижда тажриба орттирган педагоглар эса халқаро стандартларни маҳаллий таълим жараёнига татбиқ этишда муҳим кўприк вазифасини бажаради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири