Туризм соҳасига доир халқаро симпозиум
Пойтахтимизда “Ўзбекистонда маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва туризмни ривожлантириш: назариядан амалиётга” мавзусида халқаро симпозиум ўтказилди.
Ўзбекистоннинг тарихий, меъморий, археологик, маданий меросини асраб-авайлаш ва оммалаштириш, туристик объектларни реконструкция ва реставрациялаш соҳасида хорижий экспертлар билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, реставрация ишлари ва меъморий меросни асраб-авайлашни такомиллаштириш бўйича стратегик таклиф ва тавсиялар тайёрлаш, янги туристик йўналишларни ишлаб чиқиш мақсадларига қаратилган халқаро симпозиум Туризм ва спорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш институти, Хитойнинг “Ипак йўли бўйлаб қирғоқбўйи ва қитъа шаҳарлари иттифоқи, Ақлли шаҳар ва янги саноат қўмитаси” халқаро ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Онлайн форматда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги, Пекин сарой музейи Маданиятни сақлаш жамғармаси, Туризмни ривожлантириш институти, Хитой маданий меросни асраш жамғармаси , "Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университети мутасаддилари, соҳанинг бошқа мутахассислари иштирок этди.

Симпозиумни Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директори вазифасини бажарувчи Турсунали Қўзиев очиб берди.
- Бу симпозиум ва унинг дастуридаги маърузалар наинки Ўзбекистон ва Хитой давлатлари, уларнинг халқлари, айниқса ёшлари учун, балки бутун дунё ҳамжамияти учун ғоят долзарб масала ва муаммоларни, уларнинг ечимини биргаликда, тажриба ва ютуқларни баҳамжиҳат кўриб чиқиш имконини беради, - деди Т.Қўзиев.- Ўзбекистон ва Хитой - икки буюк тарих, инклюзив маданият ва инсоният цивилизациясининг илк бешикларидан бўлган давлатлардир.
Дарҳақиқат, давлатларимиз ҳудудида сақланиб қолган маданий меросни асраб-авайлаб, келгуси авлодларга етказиш ғоят масъулиятли вазифа. Симпозиум мазкур йўналишдаги ишларга атрофлича баҳо бериш, асрлар оша бизгача етиб келган маданий меросни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиб беришни таъминлашга оид долзарб масалалар муҳокамасига бағишлангани билан аҳамиятли бўлди.
Ўзбекистон ва Хитойнинг туризмни ривожлантириш бўйича салоҳияти ва ресурслари жуда катта. Иккала давлатда ҳам туризмнинг исталган тури - маданий-тарихий, тиббиёт ва соғломлаштириш, воқеавий, фестиваллар, экотуризм, зиёрат, гастрономик, қишлоқ, эски шаҳар туризми каби янги ва истиқболли сайёҳлик йўналишларининг кенг ва ранг-баранг тури, имкониятлари мавжуд.
Бироқ жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, йиллар ўтгани сайин маданий-тарихий туризмнинг аҳамияти тобора ортаверади. Демак, уларни асраб қолиш учун турли табиий ва нотабиий таҳдидлардан ҳимоялаш, муҳофаза қилиш, асраб-авайлашимиз учун жуда кўп замонавий тадқиқот, технология ва амалиётларни мужассам қилган чора-тадбирлар тизимли равишда йўлга қўйилмоғи кераклиги симпозиумда алоҳида қайд этилди.
Тадбир доирасида ялпи мажлислар бўлиб ўтди ва симпозиумнинг муҳокама қисми ташкил этилди. Унда маданий мерос объектларини асраб-авайлаш бўйича долзарб масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Олимлар ва мутахассислар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти, Тарих институти ва миллий археология маркази, Глобал мерос жамғармаси, Хитой маданий меросни сақлаш жамғармаси вакиллари, шунингдек, туризм саноати ишбилармон доираларининг амалий тавсиялари тингланди.
Тадбир давомида мамлакатимизнинг ноёб археологик ва меъморий меросини асраб-авайлашга масъул вазирлик ва идоралар вакиллари ўртасида конструктив мулоқот бўлиб ўтди. Бу борада мавжуд ташаббуслар бўйича ижобий тажриба алмашиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг қадимий обидаларини асраб-авайлаш ва тиклашга оид қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама этилди.
Симпозиум якунлари бўйича маданий меросни асраб-авайлаш ва барқарор туризмни ривожлантириш бўйича қўшма амалий тавсиялар қабул қилинди. Шунингдек, реставрация ишларини такомиллаштириш ва Ўзбекистоннинг бой археологик ва меъморий меросини асраб-авайлаш бўйича стратегик таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Усмонова, ЎзА