Туризм соҳасида халқаро ҳамкорлик
Тошкент вилоятида “Франция – Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос кунлари” доирасида тақдимот ўтказилди. Унда Тошкент вилояти Туризм бошқармаси масъуллари, Франциянинг туризм ва қурилиш соҳасидаги йирик компаниялари вакиллари, маҳаллий тадбиркорлар ва ҳамкор ташкилотлар мутахассислари қатнашди.
Асосий мақсад томонлар ўртасида ички туризм ва сайёҳлик соҳасидаги тажрибаларни алмашиш, ҳамкорликни кенгайтириш ва бу орқали келгусида кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга оширишдир. Дастлаб меҳмонлар ўз тақдимотларини ўтказишди. Вилоят мутахассислари томонидан ҳудуднинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида ахборот берилди. Хусусан, Бўстонлиқ, Паркент, Ангрен ва Оҳангарон каби табиати гўзал туман-шаҳарларнинг бу соҳадаги имкониятларини янада кенгайтириш лозимлиги таъкидланди.
Тошкент вилоятининг туризмга ихтисослашган жойларида француз архитектураси асосида энергия тежамкор меҳмонхона, чанғи курорти қуриш режалаштирилди. Шу билан бирга ўзаро экоқишлоқлар дизайнини яратиш бўйича ҳам йиғилиш ўтказилди. Унда қурилиши режалаштирилган меҳмонхоналарда сув тежашни йўлга қўйиш, тежамкор электр энергиясидан самарали фойдаланиш бўйича лойиҳалар кўриб чиқилди. Ўз навбатида вилоятнинг туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, жумладан, “Uzumfermer” виночилик ва “Moon-Travel” туроператорлик компаниялари келгусида ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан бир қатор келишувларга эришди.
[gallery-17006]
А.Мусаев,
Д.Эрназаров (сурат), ЎзА.