Туризм соҳасида халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда
Жорий йилнинг 23 – 25-апрель кунлари Қозоғистон Республикаси Олма-ота шаҳрида ўтказилган нуфузли “KITF” халқаро туризм кўргазмасида Тошкент вилоятининг туризм соҳаси вакиллари, туроператорлар ва маданий гуруҳ аъзоларидан иборат делегацияси ҳам иштирок этди.
Мазкур кўргазма доирасида Россия, Хитой, Таиланд, Қирғиз Республикаси ҳамда Қозоғистоннинг Туркистон, Еттисув, Қарағанда, Қизилўрда, Оқмола, Манғистов, Шарқий Қозоғистон, Павлодар каби қатор вилоятларидан ташриф буюрган туризм ташкилотлари вакиллари билан самарали учрашувлар ўтказилди.

Музокаралар давомида икки томонлама сайёҳлик алоқаларини ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш ва ўзаро тажриба алмашишни назарда тутувчи муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, Тошкент вилояти вакилларига инфо-тур ташкил этилди. Унда Туркистон вилоятининг қатор диққатга сазовор масканларида сайёҳларга яратилган шароит ва қулайликлар таништирилди.
Шулар қаторида, Ўтрор туманидаги Арслонбоб мақбараси, қадимий Ўтрор шаҳарчаси, “Ҳазрат Султон” мажмуаси (Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси, Ҳилват ерости масжиди ва Робия Султон Бегим мақбараси), “Этноовул” мажмуаси, “Ули Дала Эли” музейи каби манзилларга борилди.

Шунингдек, Тошкент ва Туркистон вилоятлари туризм соҳаси вакиллари ўртасида В2В форматидаги бевосита учрашувлар ўтказилди, бу орқали икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янги йўналишлар очиш ва сайёҳлар оқимини ошириш каби масалалар муҳокама қилинди. Мутахассислар томонидан Тошкент вилоятида туризм соҳасидаги имконият ва шароитлар таништирилди.
Таъкидлаш лозимки, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва хорижлик туристлар келишини кўпайтириш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Бу эса ўз навбатида Тошкент вилояти иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА.