Туризм соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот
Бугунги кунда туризм мамлакат иқтисодиётининг энг тез ривожланаётган тармоқларидан бири сифатида янги иш ўринлари яратиш, ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва хизматлар соҳасини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, бой тарихий-маданий меросга эга Бухоро вилоятида туризм индустриясини янада ривожлантириш, соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг таклифларини ўрганиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Бобокалонов ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари иштирокида Бухоро вилоятида туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Учрашув давомида соҳадаги мавжуд муаммолар, туристик хизматлар сифатини ошириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва туризм салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Тадбиркорлар томонидан туризм тармоғининг бугунги ҳолати ва келгусидаги ривожланиш истиқболлари юзасидан қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Хусусан, туроператорлар фаолиятига татбиқ этилаётган қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёз ва енгилликлар яратиш, туристик объектларга олиб борувчи автомобиль йўлларини таъмирлаш ва замонавий талаблар асосида реконструкция қилиш, ички ва ташқи туристлар оқимини кўпайтириш мақсадида қўшимча темир йўл қатновларини ташкил этиш каби масалалар кўтарилди.

Шунингдек, туризм соҳасида йилнинг айрим даврларида кузатиладиган мавсумийлик таъсирини камайтириш, йил давомида туристлар оқимини барқарор сақлаш, янги туристик йўналишлар ва хизмат турларини жорий этиш бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Очиқ ва конструктив руҳда ўтган мулоқотда мутасадди ташкилотлар вакиллари тадбиркорлар томонидан кўтарилган ҳар бир масала юзасидан амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, давлат стандартлари ва соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шу билан бирга, соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича мавжуд механизмлар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди.
Тадбир иштирокчилари бу каби мулоқотлар соҳадаги муаммоларни аниқлаш, уларни тезкор ҳал этиш ҳамда давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Очиқ мулоқот якунида тадбиркорлар томонидан билдирилган мурожаат ва таклифлар тегишли вазирлик ва идораларга йўналтирилиб, уларни чуқур ўрганиш ҳамда амалий ечимлар ишлаб чиқиш бўйича зарур вазифалар белгилаб олинди.
Бухорода ташкил этилган мазкур очиқ мулоқот туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг фикр ва ташаббусларини эшитиш, уларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш ҳамда самарали ечимлар ишлаб чиқиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири