Туризм кўчаси шаҳарга ўзгача кўрк бағишлади
Ҳудуднинг туризм ва хизмат кўрсатиш салоҳиятини ривожлантириш мақсадида Андижон шаҳрининг Амир Темур шоҳкўчасида 24/7 режимда ишлайдиган кўча ташкил этилди. Ушбу кўча шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг кўнгилли дам олиши билан бирга, ҳудуд ободлиги ва шаҳарсозлик қиёфасини янада яхшилашга хизмат қилади.
Умумий қиймати 30 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида ташкил этилган кўчанинг узунлиги 0,5 километр бўлиб, унда кенг пиёдалар ва велосипед йўлаклари, замонавий селфи-зоналар, очиқ ҳаводаги спорт майдончалари барпо этилган, аҳоли ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратилган.
Замонавий, ўзига хос қиёфага эга мазкур кўчада “Фид ап”, “Жиотто”, “Виолетте” каби етакчи ресторан ва кафе брендлари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 7 қаватли автомобиллар учун автоматлаштирилган (лифтли) автотураргоҳ барпо этилган.
[gallery-31792]
Жорий йил якунига қадар ушбу туризм кўчасида 50 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилади. Кўча ишга тушиши билан 100 та янги иш ўрни яратилди. Кўчадаги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларининг йиллик савдо айланмаси 20,4 миллиард сўмга, бюджет тушумини 2,4 миллиард сўмга етказиш кўзда тутилган.
Мазкур лойиҳа асосида кўчага кунлик ташриф буюрувчи 5-6 минг нафар аҳолига узлуксиз савдо ва бошқа хизматлар кўрсатилиши таъминланади.
Ушбу туризм кўчаси нафақат андижонликлар кўнгилли дам оладиган, балки сайёҳларни жалб этадиган шаҳарнинг гавжум масканларидан бирига айланади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари