Туризм – иқтисодий фаровонлик омили
Ҳозирги даврда туризм энг муҳим муҳим соҳалардан бирига айланиб, бутун дунё ва алоҳида минтақа, мамлакатлар иқтисодиётига салмоқли таъсир кўрсатмоқда. Давлатлар туристик салоҳиятидан унумли фойдаланган ҳолда, савдо, транспорт, алоқа, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш каби муҳим йўналишларни ҳам ривожлантирмоқда.
Шу билан бирга туризм орқали мамлакатлар ўз имижини халқаро миқёсда шакллантириб, юрт довруғини дунёга таратяпти. Табиийки, ушбу соҳани ривожлантириш давлатимизнинг ҳам доимий эътиборида.
ЎзАнинг навбатдаги суҳбатдоши – Ўзбекистон Халқаро ислом академияси профессори Олим Астанақулов айни соҳадаги ислоҳотларни янажда ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар хусусида мулоҳаза юритади.
– Олим ака, сизнингча қайси мамлакатларда туризм асосий даромад манбаи ҳисобланади?
– Туризм ва рекреация соҳаси ривожланган мамлакатлар, минтақалар иқтисодиётида ушбу соҳанинг ўрнига баҳо бериш учун мамлакат ялпи ички маҳсулоти таркибида мазкур сектор улушига эътибор қаратиш керак. Айни нисбат юқори ҳудудларнинг аксарияти ороллар, экология туризмида юксак салоҳиятга ёки бой тарихга эга давлатлардир. Масалан, Кариб денгизида минтақаси, Океания, шунингдек Европада Франция, Греция, Испания, Италия, Африкада Миср каби кўплаб мамлакатлар иқтисодиётида туризм етакчи ҳисобланади.
Буни маълумотни жамлаш ва таҳрирлашга ихтисослашган “Statista” онлайн платформасида келтирилган 2023 йил якунига оид ҳисоботда ҳам кўриш мумкин. Саёҳат ва туризмдан энг кўп даромад оладиган АҚШда бу кўрсаткич 190,39 миллиард доллар. Иккинчи ўринда қайд этилган Хитой сайёҳликдан 154,02 миллиард доллар фойда кўрган. Германия, Япония, Буюк Британия ва Испания ҳам рўйхат бошида келтирилган.

– Мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш борасида қандай ишлар қилиняпти?
– Юртимизда ҳам халқаро ва ички туризмни ривожлантириш, мавжуд салоҳият ва ресурсдан самарали фойдаланиш долзарб. 2023 йил 29 март куни сайёҳлик салоҳиятини ошириш масаласи муҳокамаси юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий-маданий аҳамиятга эга кенг қамровли соҳа сифатида туризм орқали кам харажат билан кўп иш ўрни яратиш мумкинлигини таъкидлаган эди. 2023 йил қабул қилинган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам ушбу соҳага урғу берилиб, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб қўйилган.
Ўзбекистонда туризмнинг бир неча йўналишини ривожлантириш учун етарли салоҳият, ресурс мавжуд. Сўнгги йилларда секторнинг ўсиш суръатини жадаллаштириш стратегик аҳамият касб этмоқда. Зеро, юртимиз тарихий-меъморий ёдгорликлари, иқлими, ўзига хос бой тарихи билан ҳар қандай сайёҳ эътиборини торта олади. Хивадаги Ичан-Қалъа мажмуаси, Бухоронинг тарихий маркази, Шаҳрисабз ва Самарқанд шаҳарлари UNESCO “Жаҳон мероси” махсус рўйхатидан жой олгани бежиз эмас.
Диёримиз географик жойлашуви замонавий қулайлик ва табиат уйғунлигини таъминлайдиган фаол саёҳат учун имкон яратади. Республика ҳудудида турфа табиат ландшафти – тоғ, водий, чўл, дарё ва кўл бисёр. Шу билан бирга Ғарбий Тиён-Шон бўйлаб пиёда юриш, альпинизм ва чанғида учиш каби экстремал турларни таклиф этиш мумкин.
Туризмнинг мамлакатимиз ЯИМдаги улуши 2016 йил 2,1 фоизни ташкил этган, 2017-2019 йилларда 2,5-2,6 фоиз оралиғида эди. Афсуски, пандемия туфайли ушбу кўрсаткич пасайиб, 2020-2022 йилларда ўртача 2,2 фоизга тенг бўлди.
2023 йил соҳа салоҳиятини ошириш бўйича янги тизим жорий қилиниб, ҳар бир вилоятнинг “ташриф қоғози”ни ишлаб чиқиш, сайёҳлик мавсумини узайтириш, туризм салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш учун 100 миллиард сўм ажратиш чора-тадбирлари белгиланди.
Туризмни интенсив ёки экстенсив ривожлантириш мумкин. Биринчи усулда асосий эътибор сайёҳлар харажатини ошириш, бошқача айтганда мавжуд миқдорни сақлаган ҳолда, туристларнинг мамлакатда қолиш вақтини узайтириш орқали тушумни ошириш назарда тутилади. Экстенсив ривожлантиришда эса оқимни тезлаштириш орқали даромад оширилади.
Биз туризмни ҳар икки йўналишда ривожлантиришимиз лозим, чунки ҳали мавжуд ресурс, салоҳиятдан тўла фойдаланаётганимиз йўқ. Масалан, Хоразмда туристларнинг ўртача 2 кун бўлади ва тахминан 220 доллар сарфлайди. Бу заминга хорижий сайёҳ Бухоро ва Самарқандга нисбатан 2,5 баробар кам келади. Аслида, Хоразмда туристни 3-4 кун “олиб қолиш” ва 400-500 доллар харажат қилишини таъминлаш учун барча шарт-шароит мавжуд.

2022 йил 31 туман, 143 маҳалла туризмга ихтисослаштирилиб, ушбу ҳудудлар учун алоҳида солиқ тартиби ўрнатилди. Мазкур имкониятдан бугунги кунгача Фориш, Ургут, Хўжайли, Пайариқ, Нурота туманлари ҳамда Ангрен шаҳри фойдаланмоқда, холос. Темир йўлдан узоқ, инфратузилмаси етарли такомиллашмаган чекка ҳудудларда ҳам имкон яратилиб, туризмдан унумли фойдаланилмоқда.
Ҳозир меҳмондўстлик секторида аёллар, ёшлар ва аҳолининг кам таъминланган қатламини жалб этишга кўмаклашадиган сиёсат, стратегия ва дастурлар муҳим аҳамиятга эга. Ёшлар учун ўқув курслари ташкил этиш, ўз бизнесини йўлга қўя олиши учун уларга шароит яратиб бериш лозим. Олий таълим муассасалари ва илмий марказлар томонидан истеъмолчилар ишончини мустаҳкамлашга қаратилган тадқиқот ўтказишга эҳтиёж кучли.
– Ўзбекистон шароитида туризмни ривожлантириш учун яна қандай таклиф, ташаббусларни илгари суриш керак, деб ўйлайсиз?
– Ўзбекистонда туризмни барқарор ривожлантириш орқали бир неча ижтимоий-иқтисодий муаммога ечим топса бўлади. Бу соҳа иш ўрни яратиш учун энг қулай сектор ҳисобланади. Шунингдек, туризм иқтисодиётнинг қатор тармоқлари, хусусан қишлоқ хўжалиги билан бевосита боғлиқ. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали туризмнинг янги йўналишларини очиш, нафақат мамлакатимиз иқтисодий кўрсаткичларини ўстириш, балки дунёнинг турли мамлакатларида очлик муаммосини бартараф этиш, минтақаларда тўғри овқатланишни тарғиб қилиш мумкин.
Мазкур соҳани такомиллаштириш орқали замонавий инфратузилма яратилади, барқарор саноатлаштиришга эришилади, инновация кенг оммалашади. Туризм бандликни, барча учун муносиб меҳнатни, гендер тенгликни таъминлашга ҳам ҳисса қўшади. Бундан ташқари мамлакатлар ва минтақалар аро, маҳаллий ҳудудлар ўртасидаги тенгсизликни бартараф этишга хизмат қилади. Шаҳар ва аҳоли манзилларининг очиқлиги, хавфсизлиги, экологик барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон бой тарихи, меъморий обидалари, муқаддас қадамжолари билан одамларга маънавий озуқа беради, изланиш учун ноёб манзиллар тақдим этади. Бухорои шарифнинг муқаддас зиёратгоҳлари, Имом Бухорий, Ҳаким ат-Термизий, Бурҳониддин Марғиноний каби алломалар мақбараларини зиёрат қилиш ёки қадимий Самарқанд, Хива шаҳарларини томоша қилиш орқали унутилмас таасурот олиш, меросимизни ўрганиб, маданий бойликларимиз қадрига баҳо бериш мумкин. Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, самимийлиги хорижликлар ташрифини унутилмас воқеага айлантиради.
Туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган маҳсулот ва хизмат турини кўпайтириш ва шу асосда мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида айнан мамлакатимиз учун мос келадиган, масалан, маданий-маърифий, зиёрат, экстремал ва тоғ туризмини ривожлантириш керак. Бу жараёнда энг илғор, инновацион технология асосида қўшимча инфратузилма объектларини ишга тушириш, маҳалла ва қишлоқлардаги табиат, урф-одатдан келиб чиқиб, туристик жозибадорликни ошириш зарур. Бунинг учун “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ва “Туризм овули”ни кўпайтириш, автомагистрал йўллар бўйлаб “Ўзбекистон туризм магистрали” транспорт йўлаги очилишини жадаллаштириш талаб қилинади.
Хулоса шуки, Ўзбекистон туризмни ривожлантириш, зиёратгоҳларни тарғиб қилиш орқали нафақат маънавий қониқиш ҳиссини таъминлаши, балки яхлит, ҳаяжонли саёҳат марказига айланиши мумкин.
ЎзА мухбири
Гўзал Сатторова суҳбатлашди.