Туризм бўйича янги келишувлар
Яқинда республикамиз пойтахтида бўлиб ўтган “Ипак йўлида туризм” XXIX Тошкент халқаро туризм ярмаркасида Жиззах вилояти ҳокимлиги вакиллари ҳам иштирок этиб, бир қатор хорижий давлатларнинг вакиллари билан учрашувлар ўтказди ва икки томонлама манфаатли келишувларга эришилди.
Жумладан, Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Сардор Шукуруллаев Беларусь ҳамда Қозоғистон давлатлари вакиллари билан B2B форматда учрашувлар ўтказди.


Мазкур учрашувларда Жиззах вилоятининг туризм салоҳияти, экотуристик масканлари, меҳмонхоналар ва сайёҳлар учун ташкил этилган туризм хизматлари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Учрашув давомида Жиззах вилоятининг туризм имкониятларини тарғиб қилиш ва Беларусь давлатидан Жиззах вилоятига келувчи сайёҳлар оқимини ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.


Шунингдек, Қозоғистон давлатининг бир қатор нуфузли туркомпаниялари ва Туркистон вилояти вакиллари билан Жиззах вилоятига хорижий сайёҳларни жалб этиш бўйича музокара ўтказилди. Экотуризм, экстремал тоғ туризми, маданий туризм, зиёрат туризми, этнотуризм, гастротуризм ҳамда ишбилармонлик туризми (МИCЕ) каби янги турпакетларни йўлга қўйиш, тарғиб қилиш ва Қозоғистон давлатидан ҳам Жиззах вилоятига келувчи сайёҳлар оқимини ошириш бўйича шартномалар имзоланди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири