“Турбай” – истиқболли кон
Иқтисодиётимиз асослари
“Навоий кон-металлургия комбинати”АЖнинг минерал ресурс базасини ташкил этадиган олтин конларининг аксарияти Қизилқум саҳроси кенгликларида жойлашган. Томди туманидаги Марказий кон бошқармаси таркибига кирадиган “Турбай” истиқболли конлардан биридир.
Мазкур конни ўзлаштириш ишлари инвестицион лойиҳа асосида 2022 йилда бошланган эди. Лойиҳа доирасида конда йилига 2 миллион тоннадан ортиқ олтин таркибли маъдан қазиб олинмоқда. Хусусан, 2023 йилда 2,3 миллион тонна маъдан қазиб олинган бўлса, 2024 йилнинг ўтган ўн ойида эса бу кўрсаткич 2,6 миллион тоннани ташкил этди.
[gallery-20568]
– Бугунги кунда конда 350 нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилмоқда, – дейди “Турбай” кони бошлиғи Илҳомжон Худойназаров. – Кондан қазиб чиқарилган маъдан 50 километрлик темир йўл орқали 5-гидрометаллургия заводига қайта ишлаш учун ташиб келтирилмоқда. “Турбай” конининг босқичма-босқич ўзлаштирилиши натижасида узунлиги 1,5, кенглиги 1 километр, чуқурлиги қарийб 200 метрга тенг бўладиган карьер шаклланади.
Маъдан қазиб олиш ҳажмини ошириш мақсадида инвестицион лойиҳалар асосида конга замонавий оғир юк ташувчи автоағдаргичлар ва тоғ-кон техникалари келтирилмоқда. Бугунги кунда конда “Hitachi” ва “Liebherr” русумли гидравлик экскаваторлар, “Sandvik” русумли бурғилаш ускуналари, “Komatsu” русумли автоағдаргичлар ва турли ёрдамчи техникалардан кенг фойдаланилмоқда.
Ўтган вақт мобайнида корхона ишчи-ходимлари учун қулайликлар ва муносиб меҳнат шароитини яратиш мақсадида кон ҳудудида вахта усулида ишлайдиган ишчилар учун 300 ўринли ётоқхона, 90 ўринли ошхона барпо этилди. Шунингдек, электр энергия сарфини камайтириш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш учун кон ҳудудида қуввати 1 MВ бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Мухтасар айтганда, “Турбай” конини ўзлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар “Навоий кон-металлургия комбинати”АЖда қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Азиза Ирисова,
МКБ мухбири.
ЎзА