Турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи қандай ҳолларда йўқотилиши мумкин?
Фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриладиган энг долзарб мавзу - уй-жой низолари билан боғлиқ.
Фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриладиган энг долзарб мавзу - уй-жой низолари билан боғлиқ.
Яъни тураржойни бўлиш, уйга киритиш ёки чиқариш, хоналардан фойдаланиш тартибини белгилаш каби ишлар кўпчиликни ташкил этади.
Бу тоифадаги ишлар бўйича суд томонидан қарор қабул қилиниши билан қайсидир фуқаро уйга фарзандлари билан киритилиб, бошпанали бўлса, бошқаси аксинча шу уйдан ажралади ва рўйхатдан чиқишга ҳам мажбур бўлади.
Кўп ҳолларда қонунларни билмаслик фуқароларнинг уйдан, рўйхатдан чиқариб юборилишига ёки амалда уйда яшамаётган шахслар учун тўловларни тўлашга сабаб бўлади.
Шу ўринда суд амалиётида учраётган мисол билан фикримизни давом эттирсак. Фуқаро А. қайнотаси Б.га тегишли уйга келин бўлиб тушган. У фарзандли бўлгандан сўнг уй рўйхатига, яъни пропискага ҳам киритилган.
Кейинчалик бахтсиз ҳодиса туфайли А.нинг турмуш ўртоғи вафот этган. Шундан кейин у даромад топиш мақсадида қўшни вилоятдаги марҳум отасидан қолган уйга бориб, савдо дўконида фаолият юритган. Шу тариқа орадан ўн ойдан кўпроқ вақт ўтган.
Мазкур ҳолатда Б. келини А.ни уйдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, деб топиш, яъни пропискадан чиқариш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилди.
Қайнотанинг талаби асосли эди. Чунки А. олти ойдан ортиқ вақт мобайнида бу уйда яшамаган. Б. эса бу вақтда А. пропискада бўлгани сабабли унинг учун ҳам айрим коммунал тўловларни тўлаган.
Шу сабабли суд ҳал қилув қарори асосида А. низоли уйдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, деб топилди.
Суднинг бу қарори қонуний кучга киргач, яъни 20 кундан кейин ИИБ томонидан фуқаро А. тураржой рўйхатидан чиқарилади.
Бу вазиятда шахс олти ой мобайнида уй-жойда яшамаса, барча ҳолатда ҳам пропискадан чиқариладими, деган савол пайдо бўлиши табиий. Албатта, барча ҳолатда ҳам судлар томонидан бу каби даъво аризалар қаноатлантирилмайди. Бунда қонунда белгиланган сабаблар, асослар бор-йўқлигига эътибор қаратилади.
Агар фуқаро А. хизмат сафарига ёки ўқув курсларида таҳсил олиб келиши учун юборилган бўлса, у ҳолда даъво аризаси қаноатлантирилмас эди. Чунки фуқаро ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда, яъни хизмат, иш тақозоси билан ўзи рўйхатда турган уйдан чиқиб кетишга ва бошқа манзилда яшашга мажбур бўлгани ҳисобга олинар эди.
Уй-жой кодексининг 52-54-моддаларида юқорида мисол тариқасида келтирилган сабаблар рўйхати ва бу тоифадаги низоларни кўриш тартиби белгилаб берилган.
Фуқарони белгиланган муддатдан ортиқ вақт мобайнида уйда бўлмагани оқибатида унинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, деб топиш ижарага берувчининг ёки ушбу турар жойда яшаб қолган бошқа доимий фойдаланувчиларнинг даъво аризасига биноан суд тартибида амалга оширилади.
Агарда суд шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ даврда яшамаганини узрли сабаблар оқибатида юзага келган, деб ҳисобласа, даъвони қаноатлантирмасдан рад этади.
Мисол учун, келин турмуш ўртоғи чет давлатга ишлаш учун кетганидан кейин қайнонаси билан келишмай қолган. Қайнона келинини уйдан ҳайдаб юборган. Келин маҳалла фаоллари иштирокида уйга қайтиб киритилган. Бироқ, ўша куни кечки вақтда келин қайнонаси ва қайинакаси томонидан калтакланиб, яна уйдан чиқариб юборилган. Тан жароҳати олганлиги сабабли қайнонаси ва қайинакаси суднинг қарори билан маъмурий жавобгарликка ҳам тортилган. Шундан сўнг келин қайнонасининг уйига қайтиб бормаган. Борса, келишмовчилик яна кескинлашишини ўйлаб, эрининг қайтиб келишини кутган. Эри ҳам уйга қайтиб келганидан кейин хотини ва фарзандларини уйга олиб келишга ваъда берган.
Лекин, бу давр оралиғида қонунда кўрсатилган олти ойлик муддат ўтиб кетган.
Шу каби вазиятларда, агарда ҳақиқатан ҳам келтирилган фактлар, далиллар уйдан фойдаланмаслик узрли сабаблар оқибатида келиб чиққанлигини тасдиқланса, келин гарчи олти ой ўтиб кетган бўлса ҳам уйдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотмайди. Чунки бунинг узрли сабаблари бор.
Бундай вазиятда қайнонанинг келинни турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, деб топиш ҳақидаги даъвоси рад этилади.
Шу ўринда, таъкидлашимиз лозимки, уй-жой ёки квартиранинг мулкдори бўлган шахсга нисбатан уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, деб топишга йўл қўйилмайди. Яъни, Уй-жой кодексининг 11-моддасига кўра, тураржойга бўлган мулк ҳуқуқи муддатсиз бўлиб, хусусий мулк бўлган уйлар, квартиралар олиб қўйилиши, мулкдор эса уйга, квартирага мулк ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Дониёр Эшчанов,
Фуқаролик ишлари бўйича Шовот
туманлараро суди судьяси.