Турар жой аукцион савдога қўйилди
Сирдарё вилоятида қарздор фуқаро томонидан банк кредити ўз вақтида тўланмагани сабабли гаровга қўйилган турар жой хатланиб, аукцион савдога қўйилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси маълум қилди.
Қарз ундируви фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 2025 йил 9 майдаги қарорига асосан амалга оширилган. Суд “Ўзбекистон Саноат-қурилишбанк” АТБ фойдасига қарздор “М.А.”дан 519,1 миллион сўм миқдоридаги кредит қарзини ундириш тўғрисида ижро ҳужжати чиқарган.
Шундан сўнг, мазкур ижро ҳужжати юзасидан Бюро томонидан тегишли ҳуқуқий ва амалий чоралар кўрилди. Жумладан, қарздор томонидан тўлов мажбурияти бажарилмагани боис, унинг гаровга қўйилган турар жойи хатланиб, электрон аукцион савдосига чиқарилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, кредит маблағлари – ишбилармонлик фаолиятини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва иқтисодий фаолликни оширишда муҳим молиявий ресурс ҳисобланади. Бироқ бундай маблағларни тўғри мақсадда ишлатиш ва шартномада белгиланган муддатларда қайтариш ҳар бир қарздорнинг қонуний бурчидир.
Акс ҳолда банклар судга мурожаат қилиш, суд эса ишни мажбурий ижро органларига юбориш орқали қарзни қайтариш чораларини кўради. Ижро жараёнида эса кўп ҳолларда мулк хатланади ва савдога қўйилади.
Мазкур ҳолатда ҳам шундай механизм ишга туширилиб, сотувдан тушадиган маблағ тўлиқ равишда кредит қарзини қоплашга йўналтирилади.
Мажбурий ижро бюроси мутасаддилари аҳолини ўз молиявий мажбуриятларига жиддий ёндашиш, қарз шартларига риоя қилиш ҳамда банк билан ўзаро ҳамкорликда муаммоларни олдиндан ҳал этишга чақирмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири