Туманларда меҳнат ярмаркалари
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси ташаббуси билан вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида алимент билан боғлиқ ҳужжатлар ижроси доирасида оилаларни яраштириш, ишсиз юрган алимент тўловчиларнинг бандлигига қаратилган чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Мингбулоқ тумани маданият марказида туман ҳокимлиги, адлия, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари ҳамкорлигида ўтказилган “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси”га асосан иш билан банд бўлмаган алимент тўловчилар таклиф қилинди.
Аҳоли даромадларини ошириш, ишсиз фуқароларни янада қўллаб-қувватлаш, уларни қулай меҳнат бозоридаги фойдали, кафолатланган иш ўринлари билан таъминлаш мақсадидаги тадбир юқори савияда ўтди. Ўттиз нафардан ортиқ иш билан банд бўлмаган алимент тўловчи ҳар бир корхона, ташкилотлар масъуллари томонидан шароитлар, ойлик маошлар билан таништирилди.

-- Гулистон маҳалласиданман, суднинг қарорига кўра, бир нафар фарзандим учун алимент тўлаш белгиланган,-- дейди фуқаро Т. А.--Аксарият ҳолларда ишсизлигим сабабидан болам таъминотида қийинчиликлар бўларди. Бугунги ярмаркага таклиф этишди ва сув хўжалиги корхонасига ишга йўлланма олдим.
Меҳнат ярмаркасида худуддаги 97 та корхона ва ташкилот мавжуд 309 та иш ўрни билан иштирок этди. Натижада саккиз нафар фуқарога ишга йўлланма, 14 нафарига меҳнат қонунчилиги бўйича ҳуқуқий тушунчалар берилди.

Чуст туманида бўлиб ўтган худди шундай тадбирда 15дан ортиқ корхона ва ташкилот ўзларидаги 120дан ортиқ бўш иш ўрнини алимент тўловчиларга таклиф этди. Биргина “Наманган металлургия” масъулияти чекланган жамияти 50 та иш ўрни билан иштирок этди ва қулай меҳнат шароитлари, яратилган қулайликлар ҳақида тушунча берилди.
-- Ярмаркада ўзимга қулай меҳнат шароитига эга “Наманган металлургия” жамиятига ишга йўлланма олдим,--дейди олмослик Иномжон Ашурматов.-- Тўғриси, ишсизлигим учун бир нафар фарзандимга алимент тўлай олмай келаётгандим. Айнан меҳнат ярмаркасига МИБ ходимлари чақиришди. Энди корхонада ишлаб, ўз вақтида алимент тўловларини тўлаб бораман.
Асосийси, меҳнат ярмаркасига келган 28 кишидан саккиз нафари корхона ва муассасаларга йўлланма олди.

Учқўрғонда Мажбурий ижро бюроси туман бўлими иш юритувидаги вояга етмаганларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, алимент билан боғлиқ ҳужжатлари ижроси доирасида ўтказилган тадбирга худуддаги 15дан ортиқ ишлаб чиқариш корхонаси 120дан ортиқ бўш иш ўрни билан қатнашди.
Ярмаркада давомида “Finance Namangan textile”, “Uztex group” масъулияти чекланган жамиятлари мутассаддилари томонидан алимент тўловчиларга вакант ўринлар таклиф этилиб, улардаги меҳнат шароитлари борасида маълумотлар тақдим қилинди.
Натижада етти нафар фуқарога меҳнат фаолиятини юритиш учун йўлланмалар берилди.
Наманган туманидаги Олахамак маҳалласи ҳудудида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида иш билан банд бўлмаган алимент тўловчи оталар ҳозир бўлишди. Уларга ҳудуддаги 19 та корхона, ташкилот 110дан ортиқ мавжуд бўш иш ўринлари ва ундаги қулайликлар таништирилди. Тадбир давомида ишсиз алимент тўловчиларга вакант ўринлари таклиф этилди.
Умуман олганда, ярмарка якуни бўйича олти нафар алимент тўловчи ишга жойлаштирилган бўлса, саккиз кишига меҳнат қонунчилиги юзасидан мутахассислар тушунчалар беришди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири