Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳокимлигида ўтказилган навбатдаги йиғилиш одатий ҳисобот эмас, балки аниқ муаммолар ва ечимсизликлар муҳокама қилинган танқидий майдонга айланди.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов бошчилигидаги йиғилишда вилоят ва туман даражасидаги раҳбарлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Аммо йиғилиш мазмунидан келиб чиқадиган бўлсак, фақат иштирок этишнинг ўзи етарли эмаслиги яққол кўринди.
Таъкидланишича, туманда аҳоли бандлигини таъминлаш, инфратузилмани ривожлантириш, санитария ва ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш соҳаларида жиддий камчиликлар мавжуд. Бу муаммолар оддий маъмурий бўшлиқ эмас, балки раҳбарлар томонидан ўз вақтида чора кўрилмагани сабабли чуқурлашиб боряпти.
Йиғилишда жиноятчиликнинг олдини олиш, ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам танқид остига олинди. Айниқса, мустақиллик байрами ҳамда янги ўқув йили арафасида бўлишимизга қарамасдан, айрим мактабларда таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланмаган, моддий-техник база етарли эмаслиги, муассасалар атрофи обод эмаслиги кескин муҳокама қилинди.

Раҳбарларга берилаётган топшириқлар қоғозда қолиб кетмаслиги лозим. Бу сафар туманнинг санитария ҳолати, кўчаларни таъмирлаш, ёритиш тизимини яхшилаш, тиббий ва маиший хизматлар сифатини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Аммо бу вазифалар аввал ҳам айтилиб, амалга оширилмаган эди.
Йиғилишда раҳбарларга яна бир бор эслатилди: фақат юзаки ҳисобот эмас, аниқ натижа керак. Вақт саноқли, муаммолар эса аҳолини мунтазам қийнаб келмоқда. Уларнинг ечими — мансабдор шахслар масъулияти ва жонбозлигига боғлиқ.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири