Туман Кенгаши ташаббуси билан жамоатчилик эшитуви ўтказилди
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туман Кенгаши депутатлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Элликқалъа тумани бўлими вакилининг 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Мамлакатимизда маҳалла институтини янада ривожлантириш, аҳоли муаммоларини жойларда ҳал этиш ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Ҳисоботда қайд этилганидек, Элликқалъа туманидаги 40 та фуқаролар йиғини ҳудудида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, аҳолини қўллаб-қувватлаш ва замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, бир қатор маҳаллаларда янги хизмат бинолари фойдаланишга топширилди. Ўнлаб маҳаллалар замонавий компьютер техникаси билан таъминланди. Шунингдек, “Маҳалла бюджети” тизими жорий қилиниши натижасида маҳаллаларнинг молиявий имкониятлари кенгайиб, 2025 йил давомида ушбу йўналишда 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ маҳаллий эҳтиёжларга йўналтирилди.

Эшитувда маҳаллаларда жамоатчилик назоратини кучайтириш, “Маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш, “Рақамли маҳалла” тизимини кенг жорий қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, аҳоли билан ишлашда “Кўчабошилар институти”нинг ўрни ва аҳамияти юқори баҳоланди.
Тадбир давомида депутатлар ва жамоатчилик вакиллари томонидан ҳисобот юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди. Маҳаллаларда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш ва жойларда очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.