Травматология ва ортопедияда илғор технологиялар
Юртимизда ихтисослаштирилган илмий-амалий марказлар, ҳудудий филиаллар фаолияти тубдан янгиланиб, замонавий юқори технологик жарроҳлик амалиётлари, жумладан, бўғимларни эндопротезлаш, артроскопия ва умуртқа поғонаси мураккаб операциялари муваффақиятли жорий этилмоқда. Бугунги кунда соҳа олимлари ва амалиётчи шифокорларининг халқаро ҳамкорликни кучайтириши, илғор хорижий тажрибаларни маҳаллий тиббиётга татбиқ этаётгани беморларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар кўламини кенгайтириб, уларнинг саломатлигини тиклашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Хусусан, пойтахтимизда ўтказилган «Травматология ва ортопедияда замонавий технологияларни қўллашнинг илмий асослари ва амалий натижалари» номли халқаро илмий-амалий конференция ҳам 200 нафар маҳаллий соҳа мутахассиси ҳамда дунёнинг кўплаб хорижий давлатларидан 150 дан зиёд делегатларни жамлади. Ялпи мажлис ва шўъба йиғилишларида 170 дан ортиқ илмий маърузалар тингланиб, иштирокчиларнинг ўзаро фикр алмашиш ҳамда тажриба орттириши учун кенг имконият яратди.

Бугунги кунда жаҳон миқёсида таянч-ҳаракат тизими касалликлари, турли шикастланишлар ҳамда травматологик асоратлар тиббий-ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга молик глобал муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Жадал урбанизация жараёнлари, транспорт воситаларининг кўпайиши оқибатида юзага келаётган йўл-транспорт ҳодисалари, ишлаб чиқариш жароҳатлари, шунингдек, аҳоли ўртасида камҳаракатли турмуш тарзининг оммалашуви ортиқча вазн муаммоларини келтириб чиқариб, бўғимларга тушадиган юқори босимни оширмоқда. Бундан ташқари, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги ошиши ҳисобига кекса ёшдаги инсонларда учрайдиган дегенератив-дистрофик ўзгаришлар, жумладан, остеоартроз ва остеопороз каби хасталикларнинг салмоғи ҳам йилдан-йилга кенгаймоқда. Бундай мураккаб патологиялар мутахассислардан ташхислаш ва даволашнинг янги, кам инвазив, юқори технологияли усулларини қўллашни талаб қилмоқда.
Сўнгги йилларда соҳа жадал рақамлашув, юқори аниқликдаги навигация тизимлари, 3D моделлаштириш, шунингдек, биокомпозицион материаллар ва мукаммал эндопротезлаш усуллари ҳисобига кескин ўзгариб бормоқда. Бундай илғор ёндашувлар беморларнинг шикастланган бўғимлари ва суякларини қисқа муддатда тиклаш, ногиронлик кўрсаткичларини камайтириш ҳамда уларнинг тўлақонли ҳаётга қайтишида ҳал қилувчи омил бўлаётир. Анжуман доирасида етакчи хорижий ва маҳаллий мутахассислар ҳамкорлигида умуртқа поғонаси, қўл-оёқ, чаноқ ва йирик бўғимларга оид юқори технологик хирургик амалиётларнинг ўтказилиши назарий билимларни амалиётда синаб кўриш ҳамда маҳаллий шифокорлар маҳоратини оширишда мактаб вазифасини ўтайди.

Қайд этилганидек, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва касалликларнинг олдини олишда профилактика ҳамда соғлом турмуш тарзига амал қилиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳар қандай хасталикни даволагандан кўра, унинг олдини олиш самаралироқ бўлиб, фуқароларга кундалик ҳаётда жисмоний фаолликни ошириш, овқатланиш рационига эътибор қаратиш, ортиқча вазндан сақланиш тавсия этилади.
Шу билан бирга, бирор жароҳат ёки оғриқ кузатилганда ўз вақтида малакали шифокорга мурожаат қилиш, ўзбошимчалик билан даволаниш салбий асоратларга олиб келиши мумкинлиги уқтирилади. Давлат томонидан кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар, халқаро ҳамкорлик ва илмий ютуқлар ҳамда аҳолининг ўз соғлигига нисбатан масъулиятли ёндашуви соҳадаги самарадорликни янада ошириб, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА