«Трастбанк» филиали энди Бухорода
Бухоро шаҳрида замонавий ва миллий архитектура уйғунлиги асосида барпо этилган «Трастбанк» хусусий акциядорлик банки Бухоро филиалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар вилоятда хусусий банк филиалининг очилиши мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшиш билан бирга, ҳудудда бизнес юритиш истагидаги ишбилармонлик вакиллари учун қулай шароит яратиши, мижозларга тез ва юқори сифатли хизмат кўрсатиш, қолаверса, банк кредитлари ҳисобига янги иш ўринлари яратилишига замин яратишини алоҳида таъкидлади.
Вилоятда бу каби бунёдкорлик, аҳолига қулай шароит яратишда Президентимизнинг 2018 йил 16-17 февраль кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ҳамда 2018 йил 23 мартдаги «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу ҳужжат банк тизимини ривожлантириш, молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш, банкларнинг ҳудудларга кириб боришини кенгайтириш, шу жумладан, ҳар бир банкда кенг кўламли трансформация дастурини амалга оширишда бош омил бўлди.
Тантанали очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Бухоро вилояти Бош бошқармаси мутасаддилари, банк ва молия муассасалари вакиллари, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари замонавий ҳамда миллий архитектура уйғунлиги талабларига тўлиқ жавоб берадиган, ўз меъморий дизайни билан шаҳар кўркига кўрк қўшиб турган филиал биносида банк мижозлари ва ходимлари учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
ЎзА