Транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарманг
Қашқадарё вилоят суди ташаббуси билан вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари ва туман, шаҳар бўлимлари маъмурий амалиёт инспекторлари иштирок этган тадбирда вилоят суди раисининг ўринбосари Ў.Мамадалиев ва бошқалар мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш бугуннинг муҳим масалаларидан эканини таъкидлаб ўтди.
Тадбир давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммолар, йўл қўйилаётган хато-камчиликлар ва уларнинг ечими муҳокама қилинди. Бу борада судьялар ва ички ишлар ходимлари ўз фикрларини билдирди.

– Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, жорий йил 1 январдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди, – деди Ў.Мамадалиев. – Ҳар бир ишни судларга тақдим этиш ва кўришда ички ишлар ходимлари ва биз – судьялар ҳам қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилишига қатъий амал қилишимиз лозим.
Давра суҳбатида транспорт воситаларини маст ҳолатда бошқарганлик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу тоифадаги ишларни расмийлаштириш ва кўришда, қонунийликни таъминлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ва судьяларнинг масъулиятини янада ошириш лозимлиги қайд этилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида вилоят бўйича 1008 нафар шахсга нисбатан транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлиги учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш судлар томонидан кўриб чиқилган.
Жумладан кўрилган ишлардан 28 нафар шахсга нисбатан бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқлиги учун МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан, 17 нафар шахсга нисбатан эса бошқа асосларда ҳаракатдан тугатилган.
Судлар томонидан 963 шахсга транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлиги учун маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилган бўлиб, шундан 821 нафарига жарима (шу жумладан, 769 нафарига жарима билан бирга тегишли муддатларга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш) жазоси, 142 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Ўлмас Баротов, ЎзА