Транспорт ва логистика тизимларини рақамлаштириш
Тошкентдаги Форумлар саройида Туркий давлатлар ташқи сиёсий тадқиқотлар марказларининг ТДТ майдонида савдо-иқтисодий кооперация ва транспорт-логистика боғлиқлигини ривожлантириш масаласига бағишланган 8-йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов туркий мамлакатларнинг транспорт-логистика соҳасида амалий ҳамкорлик ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, ушбу йўналиш қабул қилинган “Туркий дунё нигоҳи - 2040” стратегик ҳужжатида алоҳида ўрин тутади. Бундан ташқари, асосий эътибор мамлакатлар транспорт боғлиқлигини таъминлаш, божхона ва транспорт тартибларини соддалаштириш, шу жумладан, рақамлаштириш орқали соддалаштиришга қаратилмоқда.

Ўзбекистон ТДТ мамлакатлари билан транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бир неча омилларга боғлиқ:
Бугунда Ўзбекистоннинг экспорт-импорт ва транзит алоқалари 9 та халқаро транспорт йўлаги бўйлаб амалга оширилмоқда, улардан 8 таси камида битта ТДТга аъзо мамлакат орқали ўтади;
Ўзбекистон билан чегарадош 5 мамлакатдан 2 таси ТДТ аъзоси (Қозоғистон ва Қирғизистон) ва 1 давлат кузатувчи мақомига эга (Туркманистон);
Марказий Осиё мамлакатлари Шимол-Жануб ва Шарқ-Ғарб йўналишлари кесишувида Марказий Осиё минтақасининг асосий транспорт хаби сифатида ҳал қилувчи бўғинлари ҳисобланади;
Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари дунё океанига чиқиш имконига эга эмас. Бундан ташқари, Ўзбекистон жаҳоннинг океанлардан икки карра узилган 2 та давлатидан бири бўлиб, бу транспорт харажатларини сезиларли даражада оширади;
Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган мамлакатлар транспорт хизматларига ҳақ тўлаш учун икки баравар кўп маблағ сарфлайди. Кўп ҳолларда Марказий Осиё мамлакатлари учун транспорт харажатлари импорт қилинадиган товарлар қийматининг 60 фоизига етади.
Халқаро юк ташувлари соҳасида сўз борар экан, транспорт тизимларини интеграциялаш ва логистикани рақамлаштириш бўйича бир қатор халқаро дастурларда иштирок этаётгани таъкидланди. Бутун минтақавий юк ташувларининг тахминан 11 фоизи ўтадиган минтақавий темир йўлларнинг қарийб 18 фоизи Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ўтади.
Маърузада “Янги Ўзбекистон” стратегиясида ташқи савдони амалга ошириш учун транспорт тизимида “рақамли йўлаклар” ва транзит имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, транзит юк ташиш ҳажмини ошириш кўзда тутилганлиги таъкидланди.
“Янги Ўзбекистон” стратегиясида транспорт-логистика хизматлари экспортини кўпайтириш мақсадида транспорт тизимида “рақамли йўлаклар” ва транзит имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, “Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар” ва “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл линиялари қурилишини амалга оширишда транзит юк ташиш ҳажмини 15 млн. тоннагача ошириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон 2021 йилда Истанбул саммитида қабул қилинган “Туркий дунё нигоҳи - 2040” дастурий ҳужжатида акс этган транспорт ва транзит тартибларини рақамлаштириш вазифаларини амалга оширишда фаол иштирок этишга интилмоқда.
Яқин келажакда асосий эътибор ТДТга аъзо давлатларда транспорт ва транзит тартиб-қоидаларини осонлаштиришга, шу жумладан, замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш орқали енгиллаштиришга қаратилган. Гап биринчи навбатда, eTIR, ePermit ва eCMR тизимлари ҳақида кетмоқда.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида “Рақамли ТИР” пилот лойиҳаси ишга туширилди ва март ойида ушбу лойиҳа Қирғизистонни ҳам қамраб олди.
Ташкилот дунёда биринчи марта Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ePermit лойиҳасини тест режимида ишга туширишга муваффақ бўлди, кейинги босқичда эса Қозоғистон билан ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув мавжуд.
Бундан ташқари, ТДТ мамлакатларида БМТнинг Европа бўйича иқтисодий комиссияси билан биргаликда eCMR воситасини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Эксперт, шунингдек, ТДТ мамлакатлари транспорт-логистика тизимларини рақамлаштириш бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини санаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ТДТ давлатларининг рақамли технологияларни жорий этишни кенгайтиришга интилиши рақамлаштириш соҳасида амалий ҳамкорликни янада ошириш, жумладан, электрон минтақалараро савдо ва товар биржасини биргаликда ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун шароит яратади.
О.Ҳакимовнинг фикрича, эксперт рақамли ечимларни интеграция қилиш Марказий Осиё мамлакатларини ТДТ мамлакатларини Хитой ва Жанубий Осиё минтақаси билан боғлаши мумкин бўлган қуруқлик кўпригига айлантиришга имкон беради, шунингдек, минтақа давлатларининг глобал таъминот занжирларига ва халқаро транзит юк ташувларига янада чуқурроқ интеграциялашувини таъминлайди.
ЎзА