Трансмиллий компаниялар танлови: ишлаб чиқариш қувватлари яна Хитойга қайтмоқда
Жаҳон иқтисодиётидаги рақобат шароитида ишлаб чиқаришни қаерда ташкил этиш масаласи компаниялар учун стратегик аҳамият касб этмоқда. Бир неча йил аввал харажатларни камайтириш ва савдо тарифлари билан боғлиқ хавфларни пасайтириш мақсадида ишлаб чиқариш қувватларини Хитойдан бошқа мамлакатларга кўчиришга интилган айрим йирик компаниялар бугун ўз қарорларини қайта кўриб чиқмоқда. Хусусан, компьютер ишлаб чиқарувчи халқаро брендлар айрим ишлаб чиқариш линияларини яна Хитойга қайтаришни бошлади.
“Nikkei Asia” нашри хабар беришича, “HP”, “ASUS” ва “Acer” каби йирик компьютер ишлаб чиқарувчилар Жануби-Шарқий Осиёдаги айрим ишлаб чиқариш қувватларини Хитойга кўчирмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири сунъий интеллект технологиялари жадал ривожланаётган бир пайтда хотира микросхемаларига талабнинг кескин ортиши ва улар тақчиллигининг юзага келишидир. Натижада компьютер ишлаб чиқариш харажатлари ҳам сезиларли ошмоқда.
Компьютер ишлаб чиқариш кўплаб таркибий қисмлар ва мураккаб технологик жараёнларни ўз ичига олади. Процессор, хотира қурилмалари, дисплей, аккумулятор ва бошқа бутловчи қисмларнинг мавжудлиги, уларни етказиб бериш тезлиги ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг мувофиқлаштирилиши маҳсулот таннархига бевосита таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, Хитойда шаклланган кенг қамровли электрон саноат занжири, ишлаб чиқариш салоҳияти ва малакали мутахассислар базаси компаниялар учун муҳим устунлик бўлиб қолмоқда.
“Omdia” тадқиқот компанияси маълумотларига кўра, 2025 йил бошида нархи 699 доллар бўлган оддий ноутбукнинг бутловчи қисмлари қиймати тахминан 435 долларни ташкил этган. Ҳозир эса шундай компьютерни ишлаб чиқариш учун зарур материаллар харажати 699 долларга етган. Асосий компонентларнинг умумий таннархдаги улуши ҳам 45 фоиздан 68 фоизга кўтарилган.
Аслида, сўнгги икки йилда савдо тарифлари сиёсати таъсирида кўплаб трансмиллий компаниялар буюртмалар ва ишлаб чиқариш қувватларини Хитойдан ташқарига кўчиришга ҳаракат қилди. Бироқ амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, янги ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш, таъминот занжирларини йўлга қўйиш ва барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш ҳар доим ҳам кутилган натижани бермаяпти.
Масалан, 2024 йилда АҚШнинг “Steve Madden” пойабзал бренди Хитойдаги буюртмалар улушини сезиларли камайтиришни режалаштирган эди. Кейинчалик компания ушбу мамлакатда ишлаб чиқаришнинг бир қисмини қайта йўлга қўйди. Қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи яна бир америкалик компания Ҳиндистонга буюртмаларнинг бир қисмини кўчиришга уриниши муваффақиятсиз якунланганидан сўнг аввалги хитойлик етказиб берувчилари билан ҳамкорликни тиклади.
Хитой Савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро савдо ва иқтисодий ҳамкорлик академияси илмий ходими Чжоу Ми “Саньлихэ” лойиҳасига берган интервьюсида хорижий корхоналарнинг Хитойга қайтишига мамлакат бозорининг ҳам иқтисодий устунликлари, ҳам жалб этувчи имкониятлари таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган.
Унинг фикрича, етказиб бериш занжирлари, хомашё таъминоти барқарорлиги ва савдо сиёсати нуқтаи назаридан Хитойнинг ишлаб чиқариш имкониятлари бошқа мамлакатларга нисбатан тизимли ва комплекс хусусиятга эга. Шу билан бирга, мамлакат ички бозорининг кенгайиши, оралиқ маҳсулотларга талабнинг ортиши ҳам хорижий компаниялар учун янги имкониятлар яратмоқда.
Хорижий сармоядорларнинг мамлакатга қизиқиши фақат ишлаб чиқариш буюртмаларининг қайтиши билан чекланмаяпти. Хитой Савдо вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида хорижий капитал иштирокидаги 6 минг 300 дан ортиқ корхона мамлакатдаги сармояларини оширган. Юқори технологияли тармоқларга хорижий инвестициялар оқими эса 33,8 фоизга ўсиб, умумий инвестициялар ҳажмининг 40 фоизидан ошган.
Чжоу Ми бу жараённи ишлаб чиқариш ва истеъмол бозори имкониятларининг ўзаро уйғунлиги билан изоҳлайди. Унинг таъкидлашича, Хитойдаги етказиб бериш занжирлари нисбатан паст харажатлар, ишончлилик ва инновацион салоҳият билан ажралиб туради. Йирик ички бозор эса компанияларга маҳсулотларни синаб кўриш, такомиллаштириш ва янги ечимларни амалиётга татбиқ этиш учун кенг имконият беради.
Бунга Финляндиянинг лифт ва эскалаторлар ишлаб чиқарувчи “KONE” компанияси фаолияти ҳам мисол бўла олади. Хитой компаниянинг энг йирик алоҳида бозори, шунингдек, Финляндиядан ташқаридаги энг катта тадқиқот маркази ҳисобланади. Компаниянинг ижрочи вице-президенти, Катта Хитой минтақаси бўйича раҳбари Бао Цзяфэннинг фикрича, ушбу мамлакатнинг қадри фақат ишлаб чиқариш харажатларининг нисбатан пастлиги билан белгиланмайди. Бу ерда рақамли хизматлар моделларини қисқа муддатда синовдан ўтказиш, уларни кенг бозорга татбиқ этиш ва кейинчалик халқаро миқёсда таклиф қилиш имконияти мавжуд.
Айни пайтда ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот ва технологик ишланмаларни амалиётга жорий этиш борасидаги ҳамкорлик ҳам кенгаймоқда. 2026 йил 2-5 ноябрь кунлари Ужэнь шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон интернет конференциясида сунъий интеллектнинг очиқ экотизими, интеллектуал агентлар ва жисмоний муҳитда ҳаракат қила оладиган сунъий интеллект тизимлари каби йўналишлар муҳокама қилинди. Сунъий интеллектнинг ишлаб чиқариш тармоқлари билан интеграциялашуви халқаро саноат ҳамкорлиги учун ҳам янги имкониятлар очмоқда.
Чжоу Миннинг таъкидлашича, Хитойда технологик ва ишлаб чиқариш занжирларини бирлаштириш, илмий-техникавий ютуқларни амалиётга тезроқ татбиқ этишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бу эса корхоналарга бозор талабини тезроқ англаш, маҳсулотларни такомиллаштириш ва инновацион салоҳиятини ошириш имконини бермоқда.
Шу маънода, трансмиллий компанияларнинг ишлаб чиқариш қувватларини Хитойга қайта йўналтириши глобал иқтисодиётдаги муҳим жараёнлардан бирини акс эттиради. Зеро, бугун компаниялар учун фақат ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш эмас, балки барқарор таъминот, малакали кадрлар, технологик имкониятлар ва истиқболли бозорларга эга бўлиш ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Ишлаб чиқариш манзилини ўзгартириш мумкин. Бироқ корхоналар учун энг мақбул муҳитни топиш, маҳсулотни бозорга тезроқ олиб чиқиш ва узоқ муддатли ўсишни таъминлаш ҳар қандай қарорнинг асосий мезони бўлиб қолаверади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА