
Дональд Трамп ижтимоий тармоқда ёзишича, Президент Владимир Зеленский бошчилигидаги Украина Қўшма Штатлар билан нодир ер ресурслари бўйича битимнинг якуний ҳужжатларини ҳали имзоламаган.
Трамп зудлик билан ҳужжатни имзолашга чақирган. Шунингдек, АҚШ етакчиси Россия ва Украина томонларини тинчликка эришиш учун ҳаракат қилиш кераклигини эслатган. Давлат котиби Марко Рубиога кўра, низодаги икки давлатга тинчлик режаларини тақдим этган.
Қўшма Штатларнинг асосий шартларига кўра, Россияга қарши санкциялар бекор қилиниши керак. Шунингдек, Қрим де-юре ва Москванинг де-факто назорати остидаги тўртта янги ҳудудлар тан олиниши, доимий ўт очишни тўхтатиш, музокараларни бошлаш киради. Ундан ташқари Киев НАТОга кириш орзусидан воз кечиши, бироқ Европа Иттифоқига қўшилиш йўлида ҳаракат қилиши мумкин бўлади.
Шунингдек шартларга:
Киев учун хавфсизлик кафолатлари, биринчи навбатда, Европа ҳисобига;
Харьков вилоятидаги ҳудудни Украинага қайтариш;
Киевнинг Запороже атом электр станцияси устидан назоратини тиклаш, аммо станция АҚШ томонидан бошқариладиган;
Украина кемалари учун Днепр бўйлаб тўсиқсиз ўтиш;
Вашингтон ва Киев минерал ресурслар ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича келишувни амалга оширади;
Россия ва АҚШ энергетика, саноат соҳасида ҳамкорлик қилади;
Украинани тиклаш ва унга молиявий компенсация бериш киради.
Европа давлатлари ва Киев Трампнинг таклифларига розилик бермаган ва ўз талабларини билдирган. Унга кўра, Украина учун НАТОдаги сингари хавфсизлик кафолати, қуролланишни чекламаган тарзда хорижий кучларни жойлаштириш, Россия активлари ҳисобидан Украинани тиклаш шарт.
АҚШ Давлат котиби можарони ҳал қилиш бўйича янги музокаралар келгуси ҳафта охиригача режалаштирилаётганини айтди.
Тинчлик жараёнларида Украина позиция асосий тўсиқ, деб қаралади Қўшма Штатлар томонидан. Трамп маъмурияти Қримни Россияга тегишли деб қарайди.
Евроиттифоқ АҚШга минтақа мамлакатлари Қримни Россия ҳудуди деб тан олмаслигини маълум қилди, деб ёзган «Financial Times» нашри.
– Трамп маъмуриятига Европа пойтахтлари Қримни Россия ҳудуди деб тан олиш имконсиз бўлишини аллақачон айтишган, -дейилади мақолада.
Ғарб расмийларининг нашрга айтишича, Европа иттифоқи АҚШнинг Қримни Россия ҳудуди деб тан олиш ёки Киевга бунга рози бўлиши учун босим ўтказишини маъқулламайди.
Украина президенти Владимир Зеленский Қрим Россияга ҳеч қачон расман бериб қўйилмаслигини айтганидан сўнг яна бир бор АҚШ етакчисининг танқидига учради, деб ёзди CNN нашри.
– Зеленскийнинг ғазаблантирувчи баёнотлари зиддият тугатилишини қийинлаштирмоқда. Украина учун вазият оғир. Ҳозир тинчликка эришиш мумкин ёки бутун мамлакатни йўқотишдан олдин яна уч йил курашиш мумкин, -деган Трамп ўзининг «Truth Social» саҳифасида.
– Қрим кўп йиллар олдин бой берилган, яъни бугун муҳокама қилинадиган мавзу эмас, – деди Дональд Трамп. – Зеленский урушни давом эттирса, бутун мамлакатни йўқотиши мумкин. Бу фикр Владимир Зеленскийнинг «Украина Қрим эгалланишини қонуний, деб тан олмайди» мазмунидаги сўзларига муносабат ўлароқ янграган.
Киев энг нохуш сценарий, яъни АҚШ томонидан қўллаб-қувватланиш тўхтаб қолишига тайёрланмоқда, деб ёзди Германияда чиқадиган «Билд» газетаси Украина ҳукуматидаги мулозимга таяниб.
Шунингдек, манба Президент Дональд Трамп тақдим этган тинчлик режасидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирган:
– Биз бу Трампнинг музокара тактикаси, деб умид қилгандик, бироқ у Владимир Путинга босим ўтказмайди, ҳеч қандай санкция қўлламайди.
Кашмир фожиасида айбдор ким?
Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги ҳудудида 26 сайёҳ ўлимига сабаб бўлган ҳужумдан сўнг Ҳиндистон Покистон билан асосий чегарадан ўтиш жойини ёпди. Қўшни давлат дипломатларини чиқариб юборди ва сув тақсимоти бўйича келишув ижросини тўхтатди. Бу ҳақда BBC ёзган.
Айбловга қарамай, Покистон фожиага алоқадорлигини рад этди. Dawn портали хабарига кўра, Покистон Сенати бир овоздан Кашмир ҳудудида содир этилган терактда Исломободнинг ролини инкор қилувчи резолюцияни қабул қилган.
«Покистон ўз номини Паҳалгам шаҳридаги ҳужум билан асоссиз боғлаш бўйича барча уринишларни тан олмайди. Ҳиндистон ҳукуматининг Покистонни ёмон кўрсатишга қаратилган манипуляция кампаниясини қоралаймиз. Исломобод Ню-Деҳли терроризм масаласидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда деб ҳисоблайди», дейилади ҳужжатда.
Резолюцияда, шунингдек, «Ҳинд сувларидан биргаликда фойдаланиш» тўғрисидаги шартноманинг ноқонуний ва бир томонлама тўхтатилиши ҳам қораланган.
Ўрмондан чиқиб келган қуролли одамлар йирик сайёҳлик манзили – Паҳалгам шаҳри яқинида меҳмонларга автоматдан ўт очган. Ҳалок бўлганлар ҳақида батафсил маълумот тўпланган. Қурбонлар орасида асал ойини ўтказиш мақсадида келганлар, тадбиркорлар қайд этилган.
Шафқатсиз ҳужумни ким амалга оширгани бўйича ҳамон расмий тасдиқ йўқ. Баъзи матбуот хабарларида Покистонда жойлашган «Лашкар-э-Тайба» ташкилотига алоқадор гуруҳ жавобгарликни зиммасига олгани айтилган.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди хавфсизлик учун маъсуллар билан учрашиш учун хориж сафарини қисқартирди ва Деҳлига қайтди. У айбдорлар аяб ўтирилмаслигини таъкидлади.
Ҳиндистон ва Покистон даъвогарлик қилаётган Кашмир кўп йиллар давомида исён маркази бўлиб келмоқда. Можаро натижасида ҳозиргача ўн минглаб бегуноҳ одам бевақт ҳаётдан кўз юмди. Аҳён-аҳёнда қуролли босқинчилар сайёҳларга ҳам ҳужум уюштириб туради.
«Reuters» манбасига кўра, икки кундан буён Кашмир чегарасида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида отишмалар давом этмоқда. Бу воқеалар ортидан Ҳиндистон Покистон фуқаролари 29 апрелгача мамлакатни тарк этиши мажбурий эканини эълон қилди. Шунингдек, 1960 йил тузилган сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича шартномани музлатишга қарор қилди. Покистон эса буни урушга даъват сифатида баҳоламоқда.
ЕИ АҚШдан қурол сотиб олишни қисқартиради
Европа Иттифоқи давлатлари Президент Дональд Трамп маъмурияти ҳаракатига жавобан, Америка қурол-яроғи харидини қисқартириш ва АҚШга нисбатан кескин иқтисодий чеклов жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Politico» нашри расмийларга таяниб хабар берган.
– Кўриб чиқилаётган таклифлар мудофаа ва иқтисодиёт тизими билан боғлиқ алоқаларни узиш даражасидаги жиддий чеклов, ҳарбий техника ва ўқ-дори етказиб берувчи муқобил ҳамкорлар топиш, қатъий жавоб тарифлари киритиш, АҚШнинг компаниялари учун интеллектуал мулк ҳимоясини бекор қилиш ва технология гигантларига қарамликни камайтириш каби чора-тадбирларни назарда тутади, – деб ёзган нашр.
Кўплаб давлатлар Вашингтон мудофаа технологиясидан Украинага босим дастаги сифатида фойдаланишидан хавотир билдириб, АҚШнинг мудофаа харажатини ошириш талабини қондириш осон эмаслигини ҳам англаб етган. Натижада қудратли давлатга тобеликни камайтириш, мавжуд тизимни ривожлантириш лозим, деган хулосага келишди.
Польша ҳукумати Украина бўйича маслаҳатчиси Павел Ковал «АҚШга нисбатан ишонч емирилаётгани»ни айтиб, эҳтимол мамлакат Америка ҳарбий техникасига энди йирик буюртма бермаслигини қўшимча қилган.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/2sDiVGrvpd0" title="Trampning urushni tugatish sharti va Kashmir fojiasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Манбаларга кўра, Америка божи жорий этилгандан сўнг Европа Комиссияси АҚШга нисбатан ўзига хос усулдан фойдаланиш масаласини ҳам кўтарган. ЕИнинг «энг кучли» иқтисодий қуроли сифатида таърифланадиган мазкур восита иқтисодий «мажбурлаш»га қарши курашнинг фаол чора-тадбирлари мажмуидир. Яъни, биринчи босқичда музокара ўтказилади, кейин тўлов оширилади. Сўнгра давлат хариди тизимидан четлаштириш ва интеллектуал мулк ҳуқуқи ҳимоясини чеклаш кўзда тутилади.
Сардорбек Поёнов, Дониёр Ёқубов, Искандар Исматов (видео), ЎзА.