Трампни сафдошлари ҳам тарк эта бошлади
Президентлик лавозимини Жо Байденга бермасликка қарор қилган Дональд Трамп ниҳоят тақдирга тан берадиган кўринади. Унинг отдан тушса ҳам эгардан тушмайдиган феъли демократия тараққий этган Америкадек мамлакатда ўтмаслигини 7 январь куни дунё ҳамжамияти кузатиб турди.
Қайсар сиёсатчини энди энг ишонган сафдошлари ҳам тарк этмоқда. Оммавий ахборот воситалари АҚШ миллий хавфсизлик кенгашининг юқори лавозимли тўрт нафар ходими Вашингтонда Капитолий биносига уюштирилган тартибсизликлардан сўнг истеъфо берганини ёзмоқда.
Рейтер агентлигининг ёзишича, пайшанба куни АҚШ миллий хавфсизлик кенгашини Африка билан алоқалар бўйича катта директор Эрин Уолш, мудофаа сиёсати бўйича катта директор Марк Вандрофф, оммавий қирғин қуроллари бўйича катта директор Энтони Ружерро ҳамда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақаси бўйича катта директор Роб Гринуэйлар тарк этган.
Бундан аввалроқ Оқ уйнинг ҳамда президент маъмуриятининг бир қатор ходимлари, жумладан, транспорт вазири Элейн Чао ҳамда маориф вазири Бетси ДеВослар ўз истеъфосини эълон қилган эди.
Рейтер агентлиги хабарида келтирилишича, ҳозир Трампнинг аксарият маслаҳатчилари ҳам у билан гаплашишдан ўзини олиб қочмоқда. Натижада Оқ уйда Трампга содиқ ходимлар борган сари камаймоқда. Масалан, президент ёрдамчиси Дэн Скавино, Жон Макинти, Питер Наварро, спичрайтер Стивен Миллер ва шахсий адвокат Руди Жулианилар Трампга дуч келмасликка ҳаракат қилмоқда.
Хуллас, Вашингтондаги тартибсизликлар учун Трампни АҚШ демократлари, мамлакат жамоатчилиги, Сенат аъзолари, нуфузли сиёсатчилар, ҳатто ўзи мансуб бўлган республикачилар вакиллари ҳам айбламоқда.
АҚШ вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси ҳамда Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумер вице-президент Майк Пенсга Дональд Трампни ўз вазифаси бажара олмаётгани боис лавозимидан четлашишни таклиф этгани ҳақида баёнот берган, лекин жавоб олмагани айтилади хабарда.
АҚШ давлат котиби Майк Помпео ва молия вазири Стивен Мнучин ҳам Дональд Трампни ҳокимиятдан четлатиш учун конституциядаги 25-тузатишни қўллаш масаласини муҳокама этгани айтилмоқда. Бироқ улар ушбу қадамдан воз кечган, деб маълум қилди CNBC телеканали. Чунки муҳокама иштирокчилари Трампни лавозимидан четлатиш жараёни жуда кўп вақт олиши сабабли самара бермаслигини айтиб, ушбу қарордан воз кечган. Шундоғам Трампнинг ҳокимиятни бошқариш ваколати 20 январда якунига етади.
7 январда бўлиб ўтган воқеалар Трампни ҳам анча ҳушёр торттирган кўринади. У Капитолийга бостириб кирганларни қоралаган ва ҳокимиятни Байденга топширишга ваъда қилгани айтилмоқда.
Айни пайт Оқ уй АҚШ президентлигига сайланган Жо Байденга ҳокимиятни топшириш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Дональд Трампнинг матбуот котиби Кейли Макинани маълум қилган.
"Мазкур бинода кимлар ишлаётган бўлса, барчаси ҳокимиятни тартибли равишда топшириш устида иш олиб бормоқда. Зўровонликка чек қўйиш учун Американинг бирлашиш вақти келди. Биз ягона Америка халқимиз", – деган Макинани.
Бўлар иш бўлди, Капитолийга бостириб кирилди, ҳато қурбонлар ҳам бўлди. Трамп, ниҳоят, ҳокимиятни топширишга рози бўлди. Энди муаммолар ортда қолдими, деган савол туғилади. Воқеалар ривожи эса бундай бўлмаслигига ишора қиляпти. Масалан, Вашингтон федерал прокурорлигини вақтинчалик бажариб турган Майк Шервин амалдаги президент Дональд Трампни жавобгарликка тортиш эҳтимоли борлигига маълум қилди. Бунга Капитолийдаги тартибсизликлар сабаб бўлиши мумкин, дейилади CNBC телеканали тарқатган хабарда.
"Биз ҳамма субъектларнинг ҳаракатларини ўрганяпмиз. Воқеада ким айбдорлиги аниқланса жавоб бериши керак", – деди прокурор журналистнинг ушбу воқеаларда Трампнинг ўрни ҳақида берган саволига жавобан. Барчага маълумки, Трампнинг рақиблари уни бузғунчиликда айбламоқда.
Майк Шервин бу гапларни бекорга айтаётгани йўқ. 20 январда Трампнинг президентлик муддати тугагандан сўнг у айбловга қарши иммунитетдан фойдалана олмайди, дейилади хабарда.
Интернет материаллари асосида Саидмурод Раҳимов тайёрлади, ЎзА