
Украина президенти Владимир Зеленский Қрим Россияга ҳеч қачон расман бериб қўйилмаслигини айтганидан сўнг яна бир бор АҚШ етакчисининг танқидига учради, деб ёзмоқда “CNN” нашри.
– Зеленскийнинг ғазаблантирувчи баёнотлари зиддият тугатилишини қийинлаштирмоқда. Украина учун вазият оғир. Ҳозир тинчликка эришиш мумкин ёки бутун мамлакатни йўқотишдан олдин яна уч йил курашиш мумкин, -деб ёзди Трамп ўзининг “Truth Social” саҳифасида.
РФ ракеталари пойтахт Киев ва мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Харьковга Трампнинг ушбу постидан бир неча соат ўтиб зарба берган. Украина расмийлари сўнгги ҳужумларда камида тўққиз киши ҳалок бўлгани ва 70 га яқин киши жароҳат олганини маълум қилди.
Воқеалар ривожи Россия – Украина низосини тугатиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларга янги ноаниқликлар туғдирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА