АҚШ Президенти Дональд Трамп “TikTok” ижтимоий тармоғига қайтиб, бу платформани сақлаб қолганини маълум қилди. Бу ҳақда Америка оммавий ахборот воситалари ёзмоқда. Ўз мурожаатида таъкидлашича, Трамп ушбу тармоқни ёпилишдан асраб қолгани учун ёшлар ундан миннатдор бўлишлари керак:
– Барча ёшларга айтаман: бу тармоқни сақлаб қолдим. Демак, мендан қарздорсиз. Ҳозир Оқ уйда мен ўтирибман. Кун келиб, бирингиз шу жойда бўласиз ва буюк ишларни амалга оширасиз.
Трамп мазкур платформадаги саҳифаси орқали сўнгги бор ўтган йил ноябрь ойида кўриниш берган эди. Шу муносабат билан вице-президент Жей Ди Вэнс ҳам “TikTok” саҳифасини қайта фаоллаштирганини маълум қилди:
– Сўнгги ойларда фаол бўлмадим, асосий эътиборни вице-президентлик вазифамга қаратдим. Энди саҳифани тиклаяпмиз.
Маълумотга кўра, сентябрь охирида Трамп мазкур ижтимоий тармоқни америкалик инвесторлар гуруҳига сотиш ҳақидаги фармонни имзолаган. Ҳужжатга мувофиқ, платформа фаолияти энди маҳаллий бизнес назорати остига ўтади. Янги тузилмада асосий улуш ва бошқарув ҳуқуқи америкалик инвесторларга тегишли бўлади. Хитойнинг “ByteDance” компанияси ҳиссаси эса 20 фоиздан камаяди.
Битим қиймати 14 миллиард долларга баҳоланган. “TikTok” янги инвесторлари орасида АҚШ етакчисига яқин ишбилармон Жефф Ясс (“Susquehanna International”) ва Билл Форд (“General Atlantic Partners”) ҳам бор.
Д.Ҳакимов, ЎзА