Трамп вакили Путин билан учрашди (+видео)
АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиб Украина бўйича музокаралар ўтказди, деб хабар берди Euronews.
АҚШ президенти июль ойидаги баёнотида, агар 50 кун ичида Украинада тинчлик келишувига эришилмаса, Россиянинг нефть ва газини харид қилувчи мамлакатларга нисбатан 100 фоизлик иккиламчи божлар жорий этилишини билдирган эди. Кейинчалик Трамп бу муддатни 10 кун қилиб белгилади. Агар 8 августгача музокаралар натижа бермаса, Вашингтон янада қаттиқ чоралар кўришини айтди. Унинг таъкидлашича, кейинги қадамлар Стив Уиткоффнинг Москвада олиб бораётган музокаралар натижаларига боғлиқ бўлади. Шу билан бирга АҚШ етакчиси Россиянинг бугунги кунда санкцияларга қарши анча яхши курашаётганини тан олган.
- Инсонлар ўлишини тўхтатадиган келишув зарур, - деган Трамп. - Урушни тўхтатишни истаймиз. Кимдир бу йўлда биринчи қадамни ташлаши шарт.
У айни дам Ҳиндистон–Покистон, Камбоджа–Таиланд ҳамда Конго–Руанда ўртасидаги тўқнашувларни мисол сифатида келтирган.
Стив Уиткоффнинг Москвага келиши асносида Дональд Трамп Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Зеленский суҳбатни “самарали” баҳолаб, асосий мавзу урушни тўхтатиш эканини таъкидлади. У Трампга "тинчликка эришиш йўлидаги барча саъй-ҳаракатлари учун" миннатдорлик билдирган.
Зеленскийнинг таъкидлашича кенг кўламли санкциялар Россияни музокаралар жараёнида амалий натижа сари юришга мажбур қилиши мумкин.
- Россия иқтисодиёти пасайишда давом этяпти, - деди у. - Кремль масаланинг шу жиҳатига эътибор қаратади ва Трампнинг қатъиятини ҳам инобатга олади деб ўйлайман.
Немис матбуотининг хабарига кўра Трамп Германия канцлери Фридрих Мерц билан ҳам гаплашган. Кремлдаги учрашувлар ҳақида тўхталиб, кутилганидан ҳам самарали бўлди, деган.
Bloomberg эса Кремль дрон ва ракета зарбаларини вақтинча тўхтатиш имконини кўриб чиқмоқда, деб ёзди.
– Бинобарин, бу ҳарбий ҳаракат тўлиқ тўхталишини англатмайди, - дейилган агентлик хабарида.
- Агар Украина ҳам розилик билдирса, “ҳаво сулҳи” амалга ошиши мумкин.
Россия расмийлари Уиткофф ташрифи арафасида иккиламчи санкцияларга дучор бўлмаслик учун Трампга бир қатор имтиёзли таклифларни ишлаб чиққанлигини маълум қилган. Масалан, энг яхши вариантлардан бири вақтинчалик ҳаво сулҳи, дея мисол келтирган.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Уиткофф билан учрашувларнинг аҳамиятини тасдиқлаган бўлса-да, аниқ музокара мазмунига шарҳ бермаган. Путин ва Трамп вакилининг ўзаро суҳбати уч соатлар давом этган. Россия етакчисининг Халқаро алоқалар бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаковнинг таъкидлашича, суҳбатда нафақат Украина билан боғлиқ масалалар балки, АҚШ билан амалга ошиши кутилаётган стратегик ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Уиткоффнинг Москвага ташрифи Трамп маъмуриятининг Украина урушини дипломатик йўл билан ҳал қилишга қилган жиддий қадами сифатида баҳоланмоқда. New York Timesнинг сўнгги хабарига кўра Трамп келаси ҳафтади Путин ва Зеленский билан учрашиши ҳам мумкин. Сиёсий экспертлар эса кўп муаммоларнинг ечими шу учрашувга боғлиқ, дея тахмин қилишмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tNfe8VjlyYc" title="Tramp vakili Putin bilan uchrashdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА