Трамп Эронга таҳдид қилди
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронни яна Ҳурмуз бўғозини ёпиш ва Ливандаги иттифоқчилари фаолиятини қўллаб-қувватлашда айблаб, зарурат туғилса ҳарбий зарба берилиши мумкинлигини маълум қилди.
Маълум қилинишича, Швейцариянинг Бюргеншток шаҳрида вице-президент Жей Ди Вэнс ҳамда Эрон расмийлари ўртасида Қатар воситачилигида муваққат тинчлик келишуви бўйича илк музокара бўлиб ўтган. Афсуски, ушбу тадбир Эрон Ҳурмуз бўғозини яна ёпганини эълон қилган пайтга тўғри келди. Теҳрон ўз қарорини Вашингтон Ливандаги жанговар ҳаракатни тўхтатиш бўйича мажбуриятини бажармагани билан изоҳлаган.
Трамп ҳам ижтимоий тармоқдаги баёнотида Эрон Ливандаги тарафдорлари орқали кескинликни кучайтиришни тўхтатиши кераклигини таъкидлаб, акс ҳолда Теҳрон яна қаттиқ зарбага дуч келиши мумкинлигини билдирган.
Шунингдек, Жей Ди Вэнс музокарадан кейин журналистларга АҚШ раҳбарияти Эрон билан муносабатда янги босқич бошлаш тарафдори эканини айтди. Унинг қайд этишича, Ливандаги вазият мураккаб бўлса-да, зиддиятни бартараф этиш йўлида муайян силжиш кузатилмоқда.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари эса ҳозирча музокара кейинги босқичга ўтиши учун шароит етарли эмаслигини билдирган. Теҳрон аввал Ливандаги ҳарбий ҳаракат тўлиқ тўхтатилиши ва иқтисодий мажбурият бажарилишини талаб қилмоқда.
Д.Ҳакимов, ЎзА