
АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроилнинг Эронга ҳужуми юзасидан баёнот берди:
— Эронга кучли зарба берилди, мамлакатда ядровий дастур ҳали ҳам мавжудми ёки йўқми номаълум. Айни пайт Исроил Фордодаги уранни бойитиш заводига икки марта ҳужум уюштирди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими шу ҳудудда Исроил дронини уриб туширган.
CNN мухбири Дана Баш Дональд Трамп билан кечган суҳбат ҳақида гапираркан, Америка раҳбари Исроилни қўллаб-қувватлашини билдирган.
— Исроилни ҳаммадан кўп қўллаб-қувватлаймиз, — деган президент. — Эрон бизни тинглаши керак эди. 60 кун муддат берилганди, бугун 61-кун. Музокарани давом эттириш керак.
Эрон ҳали АҚШ билан ядровий битим бўйича музокаранинг олтинчи босқичида иштирок этиш тўғрисида қарор қабул қилмаган. Мамлакат ТИВ вакили Исмоил Бағай айтишича, учрашув 15 июнга режалаштирилган эди. Вазирлик Вашингтонни Исроил ҳужумига алоқадорликда айблади. Теҳрон Исроил Қўшма Штатлар томонидан қўллаб-қувватланмаса, минтақада бундай "томоша" кўрсата олмайди, деб ҳисоблайди. АҚШ бир томондан музокара ва мулоқот ҳақида гапиради, бошқа томондан мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қиладиган режим ҳаракатини маъқуллайди. Бундай ёндашув ўз-ўзидан музокара маъносини йўққа чиқаради.
С.Поёнов, ЎзА